15 November 2022
13:42 - Халқ ғазабини қўзғатишни бас қилинг, дебди Азиза Қурбонова ўзи яшайдиган маҳалладаги котибни жим қилиш учун

Журналист Азиза Қурбонова Facebook’даги саҳифасида ўзи яшайдиган маҳаллада газ босими жуда пасайиб кетганига жамоатчилик диққатини қаратган экан. Ушбу пост ортидан у Учтепа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Тўрабек Тўраевнинг таъна-дашномларига қолибди.

“Салом, менинг номим – газ. Лекин бунга шубҳам бор. Кучим фақат милтиллашга етади. 20 минутдан бери чой ҳам қайнатолмайман.

Эгаларим ўтмишим-ўчоққа қайтишган. Ҳа, шунақа. Манзилим: Учтепа тумани Чўпонота маҳалласи”, дейилади унинг ўз постида.

Азиза Қурбонова ушбу постга Учтепа тумани ҳокимлиги ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Учтепа тумани бўлимини тэг қилган.

Постга «Учтепа тумани ҳокимлиги» номи билан рўйхатдан ўтган профилдан муносабат билдирилган.

“Бўлди-да, Азизахон, нима қиласиз оловга ёғ сепиб? Ҳамма нарса назоратга олинган. Қани, бир кун келиб Учтепада ишланг-чи, кўраман. Бас қилинг халқ ғазабини қўзғатишни.

Сиз нима қилиб бердингиз Учтепага? Тепада ўтириб, ақллилик қилиш нечоғлик осон-а? Мен ҳам сиз ўтирган жойда анчагина ўтирганман, лекин бунақанги катталик қилиб, бировнинг ғазабини келтирмаганман, Аллоҳга шукур”, дейилади унга бурилган изоҳда.

Азиза Қурбонова туман ҳокимлиги профилидан унга дашном бераётган шахсдан ўзини таништиришни сўраган.

«Менинг исмим - Учтепа тумани ҳокимлиги ва мен халқимнинг оғир ва енгил кунларида ҳам бирга бўлиб, улар нафас олаётган ҳаводан нафас оламан, улар юрган йўллардан юраман, уларнинг дарди билан яшайман. Мана мен кимман, Азизабону. Ва сизга ҳам шуни тавсия қиламан. Ўзингиздан катталарга ҳурмат билан ёндашишни тавсия қиламан», деб жавоб қилган «Учтепа тумани ҳокимлиги» профилини юритаётган шахс журналистнинг саволига жавобан.

Саволига жавоб ололмаган Азиза Қурбонова ўзи билан ёзишаётган шахс туман ҳокимининг матбуот котиби Тўрабек Тўраев эканини тахмин қилган. Суҳбатдош буни на тасдиқлаган ва на инкор қилган. Аксинча “Тўрабек Тўраев сиздан анчагина ёши улуғ, у сизнинг тенгдошингиз эмас” дея журналистдан ҳурмат талаб қилган.

Азиза Қурбонова ушбу ёзишмалардан сўнг скриншотларни илова қилган ҳолда саҳифасига янги пост жойлаган ва унда мутасаддиларни халқ билан мулоқот қилишга чорлаган Davletov.uz телеграм-каналида эълон қилинган мулоҳазаларга ишора қилган.

“Коммуникация сўраганмидинглар? Мана у.


 


Газ ҳақидаги постимга Учтепа туман ҳокимлигининг фейсбукдаги аккаунти шундай жавоб берибди. Кўп эҳтимол билан бу матбуот хизмати бошлиғининг гаплари. "Тўрабек Тўраев?" деган саволимга жавоб ҳам бермади ва инкор ҳам этмади. Классик жавоб берилган-а, нима дедингиз?


 


Яшасин, "нолийверма, cен ўзинг давлатга нима қилиб қўйдинг" клишеси. Яшасин, ахборот хизматининг савияси.

Яшасин, халқининг оғир ва енгил кунларида бирга шу ҳаводан нафас олган ва олаётган, қачондир тепада (қайси тепалигига аниқлик киритилмаган) ишлаганида бировни ғазаблантирмаган ва "ақ(и)ллилик" қилмаган Учтепа тумани ҳокимлиги аккаунти.

Яшасин, оловга (қани ўша олов-2 cоатдан бери тефтель шўрвам қайнамайди) ёғ сепадиган ва ўзи туманга ҳеч нарса қилиб бермаган, катталарни ҳурмат қилмайдиган, Учтепа тумани ҳокимлиги аккаунти аввал ўтириб кўрган тепада ўтирадиган (қайси тепа экан, борардим ўшатга) ғаламис Азизабону.

Мана ўзбекча crisis communication ва public relations’дан маҳорат дарси. Ўрганинглар. Эссиз!” деб жавоб ёзган журналист.

Учтепа тумани ҳокимлиги телеграм каналида туман газ таъминоти корхонаси раҳбари Дилмурод Қориевнинг Азиза Қурбонова кўтарган муаммо юзасидан видеобаёноти эълон қилинган. Видеода мутасадди бугунги кунда газ таъминотида узилишлар бўлиб турганини тан олган ва икки кун ичида газ босими меъёрига келтирилишини маълум қилган.

Таъминотдаги муаммолар туфайли Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатганди.

Жамоатчилик фаоллари аввалги йиллардан фарқли равишда ҳали изғирин совуқ бошланмай туриб энергия таъминотида жиддий муаммолар кузатилаётганидан хавотирларини.

Хуллас, дебди кейинги хабарларда Азиза Қурбонова исмли журналист ва ҳаммани дабдаласини чиқарибди.