08 November 2022
12:27 - Юсуф Жума: БМТ бош котибига, АҚШ президентига, Буюк Британия бош вазирига, Европа Иттифоқи бошлиқларига


Украинага БМТнинг тинчликпарвар кучларини
киритиш шарт!
Бутун бир мамлакат вайрон этиляпти.
Буюк Жаҳар Дудаевнинг Чечинистонидай,
Суриянинг туркманлар яшайдиган бўлагидай…

У ёқларда қўйиб бердинглар ўрисга…
Украинада - Европада қўйиб берманглар:
Болалар, тинч, беозор кишиларнинг устига бомбалар
ёғилмоқда, юрт вайрон бўлмоқда.
Уруш кечмаётган Украина ерларига БМТ кучлари киритилиши,
Россия вето қўйиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши шарт.
Ўлдирилган гўдакларни ўз гўдакларинггиздай
билинг, мардона ҳаракат этинг!
Жасоратсизлик - донолик эмас…
Тўғри, ҳозир ҳам кўмак беряпсиз, бироқ бургутдай
қанотли куч тошбақадай интилишда…
Белоруссияда Путин керак бўлса, ядро келтириб,
қўяман деди, қисиб қолдиларинг…
Украинада сиз журъатсиз ҳаракат қилдинггиз…
Ядро урушидан Тангри асрасин!
Бироқ бир нарса ойдин, ядро урушида ғолиб бўлмайди
дейдилар, бу нотўғри, АҚШ шубҳасиз енггади.
Шу боис Путин қисиб ўтирибди, чунки биринчи
қурбони ўзи бўлади - жони ширин…

Бункердаги қўрқоқ унтер погонли қулоққа куч билан
тушунтиринг:
Уруш Кремль ёнида кетаётган қуролсиз, ёлғиз, улуғ
Борис Немсовни орқадан писиб келиб, ноэрларча отиш эмас,
Мардлик Москвадаги пана полигонда қўриқчилар қуршовида
ўқ отиб, ўзини теливизорда кўз - кўз этиш эмас.
Уруш - борини ташлаб, шармандаларча қочиб бораётган ўрис
армиясини қувлаб бораётган Украина жасоратидир!!!
Мардоналик - жанг майдонларида ўлимдан ҳайиқмай,
мардона юрган В.Зелинскийдир!!!

Мардона Зелинскийни ноэр Путин режими билан сулҳга чорламанг!
Йўқса, бугун ҳолдан тойган, шарафсиз ўрис билан
урушни тўхтатган Украина, эртага қайта кучайган
номард ўрис билан жанг этишга мажбур бўлади.

Путин режими - Путин режими эмас, Путин режими - иркит Россиянинг
юзлаб йиллар давом этиб, келаётган режимининг ҳозирги номи.
Путин кетган билан бу режим йўқолмайди - токи
Россия режими буткул йўқотилмагунча…
Бу режимнинг ҳозирги мақсади - СССРни тиклаш ва
дунёда етакчи террорчи кучга айланиш.

Аллақачон Марказий Осиё “президентлари” - СССРни тиклашга
Шай - Путин танлаган ва тайинлаган сотқинлар.
М.О. ҳозир ҳам СССРда ва барча бойликлари Кремлга оқмоқда…
Олтин конларининг устида қашшоқ, қул эллар яшайдилар ва
юз йиллаб геносид этилмоқдалар…
Агар Москва ва Киевни вақтинча келиштирсанггизлар
ўнлаб элларга хиёнат бўлади - энг бурун Украинага хиёнат бўлади,
Москвага СССРни тиклашга кўмак берган бўласиз…

Жасоратли Украина элини жасорат билан қўлланглар - БМТнинг
тинчликпарвар кучлари билан тинч аҳолининг тинчлигини сақлаш шарт!

2022 йил, 7 ноябрь.