“Ўзбекистон пахта экспортини тўхтатган бўлса ҳам, ишчи кучини экспорт қилувчи давлат бўлиб қолмоқда ва бунинг ўрнига маҳсулот ва иш ўринларини таклиф эта оладиган мамлакатга айланиши лозим. Бунинг учун минтақавий интеграцияга интилиш керак”, дебди Халқаро Валюта Жамғармаси миссияси раҳбари.
Самарқандда Ўзбекистоннинг форум макроиқтисодий барқарорликка бағишланган сессиясида сўз олган Халқаро Валюта Жамғармаси миссияси раҳбари Рон ван Руден Ўзбекистон иқтисодиётида давлат роли юқорилиги, хусусий бизнес кенгайишидаги қийинчиликлар ва ишчи кучи экспорти ҳақида гапирди.
“Ўзбекистон аҳолиси тез суръатда ўсиб бормоқда, бу ишчи кучининг ўсиши дегани. Агар сиз ўсиб бораётган ишчи кучи учун иш ўрни ярата олмасангиз, бу мамлакат иқтисодига қийинчилик туғдиради. Натижа шундайки, мамлакат аҳолиси хорижга бориб меҳнат кучини сотишига тўғри келмоқда. Ўзбекистон пахта экспортини тўхтатган бўлса ҳам, ишчи кучини экспорт қилувчи давлат бўлиб қолмоқда. Бунинг ўрнига маҳсулот ва иш ўринларини таклиф эта оладиган мамлакатга айланиши лозим. Бунинг учун минтақавий интеграцияга интилиш керак”, – дебди у.
ХВЖ вакили ўсиб бораётган ишчи кучи муаммосини ечиш учун хусусий секторга мурожаат қилиш кераклигини айтди. Шу ўринда, у Ўзбекистонда ўрта ва кичик бизнес учун муҳитга яхши ишора қилибди.
“Жаҳон Банки, Осиё Тараққиёт Банки ва биз ҳам мамлакатда кичик ва ўрта бизнесни бошлаш осонлиги, аммо уни юритиш, кенгайтириш қийинлигига кўпроқ эътибор берамиз. Бу бюрократия ва турли бошқа тўсиқлар ҳамда ишчи кучи билан боғлиқ. Хусусий сектор учун имкониятларни яхшилаш ишчи кучи муаммосини ҳам ҳал қилади”, – дебди Рон ван Руден.
Халқаро эксперт Ўзбекистон иқтисодиётида ҳамон давлат рол ўйнаётганига ҳам эътибор берибди.
“Ўзбекистон ўзига яраша фискал буферга эга, ҳукумат ҳақиқатан ҳам фискал умумлаштиришни давом эттирмоқчи. Хусусий сектор ўсишига оид мақсадлар борлигини кўряпмиз, бунга эришиш учун давлат ролини камайтириш керак. Нафақат давлатнинг ўзи, балки давлат корхоналари иқтисодиётда катта рол ўйнаяпти. Бу шароитда осон эмас: барча ноаниқликларни ҳисобга олиб инвестицияларни киритиш борасида хавотирлар жиддий”, – дебди у.
Рон Ван Руден уруш туфайли савдо ва пул ўтказмаларига таъсир салбий бўлишини кутганини, аммо пул оқими кузатилганини ҳам айтибди.
“Ушбу вазият нафақат импортни молиялаштириш, балки ишлаб чиқариш ва истеъмол учун йўналтириш имкониятини беради”, – таъкидлабди ХВЖ миссияси раҳбари.