05 July 2022
16:25 - Ўзбекистонлик Сардор Умрзоқов Афғонистоннинг “Толибон” делегациясини қабул қилгани ҳақида хабар
Бош Вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов Афғонистон Саноат ва Савдо Вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегацияни қабул қилибди.

Жорий йилнинг 4 июль куни Бош Вазир ўринбосари - Инвестициялар ва Ташқи Савдо Вазири Сардор Умрзоқов Афғонистоннинг Саноат ва Савдо Вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегацияни қабул қилибди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берибди.

Қайд этилишича, учрашув чоғида инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги ўзбек-афғон ҳамкорлиги кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилган. Икки томонлама савдо айланмасини кўпайтириш ва икки мамлакат ҳудудлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича биргаликда таклифларни тайёрлашга келишиб олинган. Шунингдек, ўзаро манфаатли шериклик салоҳиятини ўрганиш мақсадида ўзбек ва афғон ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш бўйича биргаликда иш олиб боришнинг истиқболлари қайд этилган.

“Мулоқот доирасида учрашув иштирокчилари “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” транс-афғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини кўриб чиқдилар. Жорий йил июль ойининг иккинчи ярмида темирйўл йўналиши бўйлаб дала тадқиқотларини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш ва Афғонистон билан устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди”, дейилади вазирлик хабарида.