30 July 2009
13:27 - АҚШ Покистоннинг Сват водийсидаги ғалабаларига унчалик ишонмайди
Маълумки, АҚШ маъмурияти Покистон ҳукуматини Толибонга ён босишда айблагандан кейин, шу йил апрель ойида Покистон қўшинлари ислом экстремистларнинг позицияси мустаҳкам бўлган Сват водийсида Толибон жангариларига қарши ҳужум бошлаган эди. Покистон расмийлари 1800 жангари ва бир қатор дала қўмондонлари йўқ қилинганини гапиришди. Айни замонда, водийдан 2 миллион атрофида тинч аҳоли қочиб кетди ва қочқин мақоми билан бошқа жойларда ҳукуматнинг ҳамда халқаро ташкилотларнинг ёрдамига яшамоқда.

Аммо, дейилади Reuters агентлигининг хабарида, яқинда Покистон ва Афғонистон сафаридан қайтган АҚШнинг бу икки мамлакат бўйича махсус вакили Ричард Холбрук “биз қанча террорист гуруҳлар тарқатиб юборилди ва қанчаси ўлдирилганини аниқ билмаймиз. Армиянинг операцияси қанчалик муваффақиятли бўлгани қочқинларнинг жойига қайтиши ва уларнинг хавфсизлиги қанчалик таъминлангани билан ўлчанади. Бизнинг кутишдан ва воқеаларни кузатишдан бошқа иложимиз йўқ”, деган.

Хобрук Покистонни анъанавий душман деб ҳисобланадиган Ҳиндистон билан чегараларда турган қўшинларини жангариларнинг мавқеи кучли бўлган Афғонистон чегараларига яқин жойларга ташлашга чақирганлиги хам хабарда айтилади.

Шу кунларда Таиландга қилган сафари пайтида ўша ерда Покистон ташқи ишлар вазири билан кўришган АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон эса Покистонни озгина мақтаб қўйиш билан чекланган.