14 April 2022
06:15 - Юсуф Жума: УКРАИНА ЁНИДА ТУР, ТУРКИСТОН!!!

Қўрқоқ элим - эй худо урган,
Худо урган бошида турган,
Эл дегани бўлади қандоқ -
Украина элидан ўрган!

Ёви - ёвинг, ёвига ёвлаш,
Номус нима - ёғийни овлаш,
Ор - юзингни шарафда софлаш -
Украина элидан ўрган!

Олтинингни Кремль талар,
Уранингдан эркка ўт қалар,
Йўқ этилсин сотқин - даллалар,
Украина элидан ўрган!

Ёринг сотар Дубайда номус,
Зўрлаяпти ўзингни ўрис,
Эрк деб, ҳақ деб жон тиккан - азиз -
Украина элидан ўрган!

Уч юз йилик Буча - Туркистон,
Уч юз йилки қатлиом - қирон.
Украина ёнида тур - шон -
Украина элидан ўрган!

2022 йил, 11 апрель.

* * * * *

ТАҒИН УЛУҒ В. ЗЕЛИНСКИЙГА:

Очун онасини сентга сотади

Очун - онафуруш - очун - орфуруш,
Очун онасини сентга сотади.
Очун - хотинфуруш - очун - ёрфуруш,
Очун онасини сентга сотади.

Трилионнини оширса сентга,
Ечинтириб берар ёрини ётга,
Ит келса сент билан - қўшади итга,
Очун онасин сентга сотади.

Жаҳон пул ишлайди - бордан ва йўқдан,
Гўдаклар бошига ёғилган ўқдан,
Манфаат - Украин юртини ёққан -
Очун онасини сентга сотади..

Дунё на Мусода ва на Исода,
Ва на Муҳаммадда, молда - дунёда -
Ёвузлик аталган йиртқич бир пода -
Очун онасини сентга сотади..

Фақат номус юздир - борми бирон юз,
Бирин топиш учун яшаш керак юз,
Юзли деб топганинг чиқади беюз,
Очун онасини сентга сотади.

Дунёга ишониб отланма йўлга,
Пайғамбар бўлсанг ҳам сотар бир пулга,
Қўллар деб қўлингни чўзма ёт қўлга,
Очун онасини сентга сотади.

Эр мардона туриб - ҳатто кишанда -
Зиндонда шон топар - довруқда - шаънда.
Номардлар тахтда ҳам сент деб шарманда,
Очун онасини сентга сотади.

Очунннинг паспорти - бор йўғи бир байт;
Отаси - онаси - зоти - манфаат,
Тангрисию дини, юрти - манфаат.
Очун онасини сентга сотади.

Фақат қизғанади фойдани,аттанг,
Оламга ишонма шонли йўл тутган,
Орлини сотмасми - орини сотган,
Очун онасини сентга сотади...

2022 йил, 11 апрель.