30 July 2009
00:18 - Омбудсманга арз қилган отахон калтак ейишига сал қолди
Бугун Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сайёра Рашидованинг қабулига ўлдирилган қизининг қотиллари фош қилинишида кўмак сўраб борган фуқаро Раҳимхўжа Алимхўжаев ҳамда унинг адвокати Кошибхон Маъдиевни ҳайдаб солишди. Сўнгги 5,5 йилда Омбудсман хоним билан учрашув талаб қилаётган отахонга қўриқчи миршаблар дубинка билан ҳамла қилиб, урмоқчи бўлишди. Қабулхонада кўтарилган тўс-тўполондан сўнг Рашидованинг ёрдамчилари келиб жанжални тинчитишди. Шикоятчиларнинг талқинича, Сайёра Рашидова ўз кабинетида ўтиргани ҳолда қабулхонага унинг хорижга кетгани ҳақида маълумотнома ёзиб қўйилган. Бу эса шикоятчиларнинг хунобини оширибди.