13 January 2022
12:00 - Коронавирус бизда яна ОРТМОҚДА. Буни давлатимиз раҳбарлари ҳам тан олмоқдалар – бир кунлик янги касаллар сони 700дан ошибди!
Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги Ўзбекистонда кунлик касалланишлар сони ортиб бораётгани, сўнгги бир кунда яна 714 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 бемор КАСАЛЛИК ҚУРБОНИ бўлгани ҳақида хабар берибди.

“2022 йил 12 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 202473 (+714) нафарни ташкил этмоқда”, дейилмоқда хабарларда.

Тошкент шаҳрида кунлик ўсиш 400га яқинлашибди, Ўзбекистонда сўнгги марта кунлик ҳолатлар сони 700дан юқори бўлиши 2021 йил 2 сентябрида (+736) кузатилганлиги айтилмоқдамиш.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

- 12 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
- 11 нафари Андижон вилоятида,
- 6 нафари Бухоро вилоятида,
- 51 нафари Жиззах вилоятида,
- 29 нафари Қашқадарё вилоятида,
- 4 нафари Навоий вилоятида,
- 9 нафари Наманган вилоятида,
- 39 нафари Самарқанд вилоятида,
- 12 нафари Сирдарё вилоятида,
- 6 нафари Сурхондарё вилоятида,
- 14 нафари Фарғона вилоятида,
- 25 нафари Хоразм вилоятида,
- 109 нафари Тошкент вилоятида,
- 387 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Шунингдек, коронавирусга чалинган беморларнинг 3 НАФАРИ ВАФОТ ЭТИБ, расмий статистика бўйича касалликдан вафот этганлар сони 1 минг 508 нафарни ташкил қилганмиш.

Бу рақамларга ишониб бўлмайди, демоқда “Ҳаракат” мухбирлари. Чунки, шу кунларда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият янада мураккаблашиб бормоқда. Жумладан, COVID-19нинг янги Омикрон штамми қатор мамлакатларда жиддий муаммоларни юзага келтираётир.

Сўнгги кунларда юртимизда ҳам касалланишлар сони яна орта бошлабди. Хусусан, мамлакатимизда Омикрон штамми яна АНИҚЛАНГАНИ АНИҚ экан.