14 December 2021
16:35 - Ўзбекистонимизда 2021 йилги Давлат Бюджети харажатлари учинчи марта оширилгани ва КАТТА СУММАГА чиққани ҳақида
Жорийдаги 2021 йилнинг Давлат Бюджети харажатлари 2,2 трлн сўмга кўпайди. Бундан олдин харажатлар 11,7 трлн сўм ва 13,1 трлн сўмга оширилганлиги эълон қилинган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг 14 декабрдаги ЯЛПИ МАЖЛИСИДА Молия Вазири ўринбосари Аҳаджон Ҳайдаров 2021 йилги Давлат Бюджетига киритилаётган навбатдаги ўзгартишлар ҳақида қуйидаги маълумотларни берибди.

Ўзгаришларга асосан, жорий йилги Давлат Бюджети харажатлари 2,2 трлн сўмга оширилмоқда.
МАНА ЎША ЯНГИ РАҚАМЛАР:

- туман ва шаҳарларнинг фуқаролар ташаббуслари жамғармасида 1 млрд ва унда кам маблағ шаклланган, вазирликка келиб тушган таклифлар сони 100дан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга Республика Бюджетидан қўшимча 117 млрд сўм;

- фермерлар ва ғаллачилик кластерларига 2021 йил ҳосилидан давлат ресурсларига сотган товар доннинг ҳар бир тоннаси учун 350 минг сўмдан субсидия ажратиш учун 800 млрд сўм;

- Мўйноқ туманидаги 5 нафаргача аъзоси бўлган ҳар бир оила учун 5 млн сўмдан бир марталик ёрдам, Қорақалпоғистон Республикасидаги ижтимоий иқтисодий муаммолари мавжуд 21 та фуқаролик йиғинларини ободонлаштириш учун 67 млрд сўм;

- Сурхондарё вилоятида аҳолини ичимлик сув муаммосини “Тўпаланг” сув манбалари ҳисобига яхшилаш учун қурилиш ишларига 527 млрд сўм (бюджетдан 200 млрд сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 327 млрд сўм);

- Ҳудудларда зарур ижтимоий иқтисодий ривожланиш тадбирларини ижтимоий объектлар қуриш ва таъмирлаш, ички йўлларни таъмирлаш учун, ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун Сирдарё, Навоий, Жиззах вилоятларининг ҳар бирига 100 млрд сўмдан жами 300 млрд, Тошкент шаҳрига 200 млрд сўм;

- Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари компенсациясига - 50 млрд сўм ажратилмоқда.

Шунингдек, Тикланиш ва Тараққиёт Жамғармаси харажатлари 2,5 трлн сўмга оширилмоқда. Бунда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ва аҳолини озиқ овқат билан таъминлаш учун 1,1 трлн сўм бўлмоқда.

Аҳаджон Ҳайдаров бу ҳақда шундай дебди: “Айрим қўшимча харажатларни йил давомида бошқа харажатларни иқтисод қилган ҳолда қоплаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан қўшимча лойиҳалар амалга оширилаётгани боис йиллик харажатлар лимити оширилмоқда”.
Эслатиш керакки, бундан олдин 2021 йилги бюджет 11,7 трлн сўмга ҳамда 13,1 трлн сўмга оширилганди.

Яна эслатиш керакки, бу ҳақда “Ҳаракат” ҳам хабар берган эдики, Сурхондарёдаги қарийб 1,5 трлн сўмлик лойиҳага пудратчи тендерсиз танланган. Пудратчи эса, кадда-Сенатор Абдуғани Сангиновнинг ўғли эди.