30 October 2021
02:17 - Юсуф Жума: КУЧИМНИ КЎРАДИ ЯҚИНДА БАРЧА...
Бурундан бир шеър, бугундан бир шеър.

ОРОЛ

Бу шеър бурундан - ўтган асрнинг 80-чи йилларда битилган. Бугун бурунгидан ҳам муҳимроқ...

Бўм - бўш чаноқлардек сенда йўқ иқбол,
Заволинг бўлади - юртимга завол.
Қуриб битмоқдасан, ўртар бир савол -
Бизда қуримаган не қолди, ОРОЛ?!

Бир ютим топ -тоза ҳаво қолдими?!
Биёбон ютмаган дарё қолдими?!
Диёнат қолдими, ҳаё қолдими?!
Бизда қуримаган не қолди, ОРОЛ?!

Саробга ишониб кечдик уммондан,
Кўмак бор на ердан ва на осмондан,
Туроним айрилди сендек қалқондан,
Бизда қуримаган не қолди, ОРОЛ?!

Меҳр - шавқат бўлса - қурирмидинг сен,
Поклик - исмат бўлса - қурирмидинг сен,
Дилда журъат бўлса - қурирмидинг сен,
Бизда қуримаган не қолди, ОРОЛ?!

Очиқ кўз қолдими - бут эс қолдими?!
Ғурур - ор қолдими - номус қолдими?!
Юракларда Тангри - азиз қолдими?!
Бизда қуримаган не қолди, ОРОЛ?!

!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!

Ҳамма танасида кўрар кучимни,
Ҳамма сийнасида кўрар кучимни.
Дўстлар юрагида қувонч бўламан -
Эркка ташнасида кўрар кучимни!

Ёғий енгсиздадир - енггишларимдан -
Ўчим кундасида кўрар кучимни!
Тангри берган куч бу - жўшим Ўзидан,
Кучли ошнасида кўрар кучимни!

Бир гўзал бор - оташ қароғларимда,
Кўзим хонасида кўрар кучимни.
Юсуфдек эр ўғил тилар оналар,
Кимдир онасида кўрар кучимни!

2021 йил, 28 октябрь.