12 July 2021
22:21 - Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтибди. “Ҳаракат” мухбири катта янгилик кўра олмаётганини айтган!
Жорий йилнинг 12 июль куни пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида мамлакатимизда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва Ташқи Савдо Вазирлиги, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда шу йил 9 июнда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё тарафидан қабул қилинган “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси муҳокама этилибди.

Сўнги тўрт йил ичида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 23 фоизга, шу жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби саноатнинг ҳудудларда жадал ривожланаётган тармоқлари 1,3 баробардан кўпроққа ўсганмиш.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонида қайд этилганидек, тармоқда ислоҳотлар кутилган самарани бермаяпти, айниқса, қурилиш индустриясини ривожлантиришда ҳудудларнинг саноат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Бизнес-форум ишида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва Ташқи Савдо Вазирининг Биринчи ўринбосари Азиз Воитов фармонга кўра, маҳаллий саноат тармоқларини ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган янги яхлит тизим жорий этилаётгани, бунинг учун “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилингани ҳамда мазкур тармоқда лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қатор имзиёзлар берилаётгани таъкидланибди.

Фармонга биноан “Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ Бошқарув раиси С.Аннакличев бир пайтнинг ўзида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси вазифасини ҳам бажариши белгиланибди.

Шу боис Банк Раҳбарияти томонидан соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштиришга кўмаклашиш мақсадида янада фаол ишлар олиб борилмоқдамиш.

Аммо, бу ишлар қанчалик тўғри бажарилаётгани ҳеч қандай рақамлар билан оммага кўрсатилмаган.

Бизнес-форумда фармон асосида Ўзсаноатқурилишбанкка Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 200 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш бўйича келишувлар амалга оширилаётгани, Банк томонидан 300 млн долларлик еврооблигацияларни муомалага чиқариш ишлари олиб борилаётгани айтиб ўтилган, аммо ҳеч қандай иш амалда бажарилмаган.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар, муҳандис-қурувчилар ҳамда девелоперлар иштирок этибди.

Улар ўртасида тармоқлар ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида тартибга солиш муҳити ва стандартларни такомиллаштириш, замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий саноат корхоналари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, бунда тренинг дастурларидан кенг фойдаланиш каби масалалар бўйича фикр алмашилибди.

Аммо, бу фикр алмашишнинг натижалари фоумда тилга олинмаган. Хўш, нима қилиш кераклиги ҳақида сон-саноқсиз саволлар чиқади. Лекин, уларга жавоб йўқ, дейди “Ҳаракат” мухбири.

Аммо, айтиш керакки, бу хабардаги асосий фикрлар “Ўзсаноатқурилишбанк” Ахборот хизматининг сайтидан олинди. Қани, ҳурматли сайтимиз ўқувчилари, буларга нима дейсиз? Йиғилиш қатнашчилари ҳеч қандай бир фикр айтмаганларига нима деймиз?