Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий Директори Лилия Бурунчук бу ўлкадаги интернет сифати билан боғлиқ вазият, унинг иқтисодий таъсири ва бу соҳани ислоҳ қилиш бўйича ўз таклифларини илгари сурибди. Бу ҳақда бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз ҳам бонг урмоқдалар.
Жорий йилнинг 9 апрель куни қозоғистонликлар мамлакатнинг таниқли шахматчиларидан бири, Қозоғистон ва Жаҳон чемпиони Динара Садуакасова интернет алоқаси сустлиги сабабли онлайн турнирдаги иштирокини тўхтатишга мажбур бўлганидан жуда қаттиқ ранжибди. У видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирибди, унда у ўйин давомида ўзи ҳақида эмас, балки интернет алоқаси ҳақида кўпроқ ташвишланишга мажбур бўлаётгани устидан қаттиқ шикоят қилибди.
Шахмат ҳаётий муҳим масала бўлмаслиги мумкин, аммо ҳақиқат шуки, Марказий Осиёда яшовчи ўн миллионлаб кишилар интернетга уланиш ёмонлиги туфайли кўплаб бошқа муҳим имкониятларни, шу жумладан, иш, таълим, ҳамкорлик, инновация ва фуқаролик истиқболларини қўлдан бой беришмоқда.
Эффектив рақамли уланиш қулай, арзон, инклюзив, тегишли фойдаланувчилар учун ишончли ва ваколатли бўлиши керак. Замонавий дунёда интернетга кириш энди шунчаки зарурият эмас, балки инсон ҳуқуқидир. Бундан ташқари, интернет сифатининг атиги 10 фоизга яхшиланиши камида бир фоиз иқтисодий ўсишни таъминлайди.
Марказий Осиё аҳолисининг деярли ярми, асосан, қишлоқ ва чекка жойларда, сифатли интернетга кириш имконига эга эмас. Минтақадаги бешта мамлакатдан учтасида интернетнинг тарқалиш даражаси глобал ўртача кўрсаткичдан паст. Марказий Осиёда интернетга уланиш қиммат ва сифатсиз. Фойдаланувчилар сони бўйича минтақанинг етакчиси бўлган Қозоғистонда ҳам уланишнинг сифати бўйича етарлича муаммолар бор. Буни юқоридаги Динара Садуакасова билан боғлиқ ҳолат ҳам исботламоқда.
Шуларга қарамасдан, Марказий Осиё давлатлари минтақадаги рақамли алоқаларни ривожлантиришга доир асосий муаммоларни ҳал қилишлари керак.
Қандай қилиб, бу муаммони ҳал қилиш мумкин?
Биринчидан, Марказий Осиё давлатлари очиқ ва рақобатдош телекоммуникация бозорини ривожлантиришлари керак. Ушбу вазифани институционал ва меъёрий-ҳуқуқий базани модернизация қилиш ва уни энг яхши жаҳон тажрибасига мувофиқлаштириш орқали ҳал қилиш мумкин.
Шу нуқтайи назардан, улгуржи ва чакана интернет хизматларидан (шу жумладан халқаро телекоммуникация тармоқларига кириш) фойдаланиш бўйича чекловларни олиб ташлаш ва соҳанинг ривожланишига халақит берадиган амалдаги лицензиялаш тартиб-таомилларини осонлаштириш жуда муҳимдир.
Иккинчидан, хусусий сектор катта роль ўйнайдиган модель фойдасига телекоммуникация соҳасидаги давлат устунлигидан воз кечиш керак. Минтақа инфратузилма эҳтиёжларини қондириш учун хусусий сармояларни жалб қилиши керак, айниқса қишлоқ ва чекка ҳудудларда. Бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг шароитларни таъминлаш ва рақобатбардошликни ошириш зарур.
Учинчидан, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари рақамли экотизимни ривожлантиришлари зарур, яъни рақамли қурилмалардан фойдаланиш имкониятини оширишга, маҳаллий онлайн контент сифатига ва аҳолининг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга маблағ сарфлаши керак. Рақамли дунё тақдим этаётган барча имтиёзлардан фойдаланиш учун минтақа давлатлари масофадан туриб ишлашни ташкил қилишда барча шароитларни яратиши, киберхавфсизликни кучайтириши ва ҳам фуқаролар, ҳам корхоналар учун маълумотларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаши зарур.
Марказий Осиё мамлакатлари ўз фуқаролари учун инклюзив ва самарали рақамли телекоммуникацияга эришиш учун яхши имкониятга эга. Бу бутун минтақа учун зарур бўлган иқтисодиётни тиклаш, янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ривожланиш йўлидаги ўсиш жараёнини тезлаштиришдир.
“ҲАРАКАТ”: Хуллас, шунақа гаплар! Шулардан келиб чиқиб ҳаракат қилиш зарур! Тўғрироғи, ШАРТ! Лилия Бурунчук ва Динара Садуакасова айнан шу нарсаларни урғуламоқдалар!
Ҳурматли ўқуқвчиларимизни ҳам шу йўналишда фикрлашга ва ўз фикрларини бизнинг сайтимизда очиқлашга чақирамиз. Ана ўшанда ҳамма нарса, аввал бизда, кейин минтақамиздаги бошқа республикаларда ЖУДА ЯХШИ бўлади!!!