Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида кўприк ва йўл ўтказгичларнинг ҳолати қониқарсиз деб баҳолангани маҳаллий ахборот воситаларида хабар қилинмоқда. Масалан, “Халқ сўзи” газетаси 29 май куни буни ёзган эди.
Республика автомобиль йўлларида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, бугунги кунда 15 мингга яқин кўприк мавжуд бўлиб, шундан 40 фоиз кўприк ва йўл ўтказгичлар яроқсиз, қониқарсиз ва таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.
Бундан ташқари, автомобиль йўлларида жойлашган ва эгаси аниқланмаган кўприкларни сақловчиларга топшириш ишлари амалга оширилиши ўрганилганида, 3477 дона кўприк ўз эгаларига берилмагани аниқланди. Эгасиз ва яроқсиз ҳолдаги кўприклар эса фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бундан аввалроқ маҳаллий нашрлар Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида 6,5 миллиард сўмга қуриб битказилган кўприк ҳеч қанча вақт хизмат кўрсатмай қулаб тушгани ҳақида хабар берган эди.
Хуллас, дейди “Ҳаракат” мухбири, бундай мисоллар сон-саноқсиз. Улар билан шуғуллансак, Ўзбекистон ҳам яшашга мосмаслиги ҳақида ёзишга тўғри келади.