06 June 2021
02:00 - Юсуф Жума: Улуғ Тангрининг улуғ отларидан бири - ОЛЛОҲдир!
Мен билган китобларнинг бирортасида, мен варақлаган луғатларнинг ҳеч бирида бу муборак сўзнинг маъноси очиб берилмаган. Барчасида жўн изоҳланган.

Албатта - ўқиганимдан ўқимаганим кўп, лекин ислом тарихида туб изоҳи борлигига шубҳам бор.
Фақат мусулмонлар эмас - бутун инсоният шундай - оғзидан чиқаётган сўзларнинг ўзагини билишга интилмайди - нодон ўзбек “ шоир - ёзувчиларидай” - ҳатто ўзбек дегани не деганини ҳам мен яқинда “Ҳаракат”даги мақоламда биринчи бор битдим.

Ислом дунёси уч -турт оятни кўр - кўрона ёдлашдан нарига ўтмаяпти. Инсониятнинг энг қолоқ қатламига айланмоқда - жаҳолат ва мунофиқлик қамраган...
Оллоҳ - ол - оқ - Тангрининг икки сифати - икки оти - икки туркча сўз ...
ОЛ- Тангри-қизил -тоза- топ-тоза-юқори- ўта -ўтакетган...
ОҚ - Тангри - тоза - яхши - тўғри - энг тўғри...

Ол юзли деганни бизнинг аҳмоқ шоирларимиз сулувларнинг
ол ёноғи деб тушундилар, тушунтирдилар.
Туб тушунчаси - ол юзли - юзи қизил - Тангри юзли - ичи тоза - иши тоза - йўли тўғри - Тангрининг йўлидаги кишига айтилади. Юзи қора - аксинча...
Сулувларнинг - юраги оқи - тозаси юзи ол аталади.
Оқ - қорани таниш - ажратиш - Тангри билан Тангрисизликни фарқлаш - ҳақ билан ботилни фарқлаш - Қуръонда - фурқондир.... Оқ арабчага ҳақ бўлиб ўтган.

Оқ - оҳ аслида битта сўз - Тангри демакдир...
Оҳ -оҳ демоқ - аслида Тангри - Тангри демакдир..
Кўпинча қайғуни, гоҳида ангни - ҳайратни англатувчи оҳ - оҳ ...
Тангри - Тангри - оқ - оқ ... демакдир.
Эм - ам - ом - битта сўз бўлганидай оқ - оҳ ҳам битта сўздир.
Эм - ам - ом - яратувчи - Тангри демакдир.

Асли турк бўлган санкритлар тилида ҳам ом яратувчи дегани.
Эмин - амин - омин - Тангри инимиз дегани.
Шу билан бирга бошқа маъноларда ҳам келади.
Барининг ўзаги - Тангридир.

Эм, эмчи, эмгак, омбор, ором – ор - ом...
Оқ билан оҳ ҳам шундай...

Улуғ Нажмиддин Кубро ҳазратлари - ул зотга ва барча улуғларгаТангрининг олқишлари ёғилсин - ҳар жоннинг нафас олиб - нафас чиқариши оллоҳ демакдир деб исбот этганлар.
Шундоқ экан - юракдан чиқадиган оҳ ҳам - дам ҳам Тангри демакдир.
Шайх Муҳаммад Юсуфга ўхшаганларни ҳам ислом олимлари дейдилар -
Йўқ - улар исломда яхши ўқитувчилар холос - исломда ўқитувчи бўлиш ҳам қийин -
рухларини Тангри ардоқласин!

Чинакам олим - Буюк Кубродай кубролар - уч - тўрт...
ОЛЛОҲ - ОЛ - ОҚ - ОЛ - ОҲ - Тангри - Тангри демакдир -
ўта тоза - ўта кетган тоза - энг тоза, энг юқори, энг тўғри - Тангри демакдир!!!

Ўзига чексиз олқишлар бўлсинким - балки бу ҳақиқатни мендай нодонга биттириш учун минг йиллар Ўзида сақлаб - ўзгаларга биттирмай келгандир...

Менинг бесонлигимга шубҳа йўқ, сенинг танҳолигингга шубҳа йўқ!!!
Менинг ёмонлигимга шубҳа йўқ, сенинг подшолигингга шубҳа йўқ!!!
Юсуфдай аҳмоқни кечирмасанг - оқиллигингга шубҳа тушмасми?!!
Менинг нодонлигимга шубҳа йўқ, сенинг донолигингга шубҳа йўқ!!!

Инсониятда диндан кўра, кўр - кўроналик кучлидир.
Дин номидан оқиллардан кўра кўр -кўроначилар кўп ва нохўб гапирадилар.
Исломда демократия йўқ, бу икки йўл бир - бирига ётдай - душмандай деб тушунтиришадилар. Тўғри айрим томонлари шундай.

Лекин демократиянинг ўзаги - сўз эркинлиги исломда демократиядаги сўз эркинлигидан ҳам ортиқдир.

Абиса - қош чимириш сураси - сўз эркинлигининг чўққисидир - чексизидир. Тангрининг улуғ элчиси - Тангрининг олқиши бўлсин - динга нафи тегувчи номдор кишилар билан сўйлашаётганда - бир оддий одам пайғамбар ҳазратларига гапира бошлайди.

Элчи қошларини чимирадилар.
Гарчи бундай йиғинда четдан бир кишининг гап қўшиши ноўрин - бизнинг ўлчовда.
Лекин Тангри ўлчовида-чи?!

Киши сўйлаётганда охиригача эшитиш шарт ва эшитаётганннинг ҳатто қош чимиришга ҳам ҳаққи йўқ, ҳатто пайғамбар бўлса ҳам!!! Қайси ислом давлатида шундай - Саудиядами, Эрондами ?!.... Ислом дунёсида на исломни тушунадиган давлат бор, на исломда яшаётган давлат бор.

Эронда сўзи учун дорга тортилаётганлар йўқми?!...
Улиси - асоси бўлмаган ҳукмларни ислом номидан чиқариш - исломга хиёнатдир.

Кўпчилик Алишер Навоий ҳазратларининг қўшиққа, куйга ёт бўлганликларидан,
қўшиқ шариатга тўғри келмаслигидан тортишмоқдалар.
Наҳотки бу эл шу қадар тубанлашди - нахотки ҳеч ким Мир Алишер ҳазратлари куй ёзганларини, қўшиқ куйлаганларини билмаса...

Наҳотки ҳеч ким “Бобурнома”ни ўқимаган бўлса...
“Яна мусиқада яхши нималар боғлабтур.”

Бобурнома. 154 - бет, А. Навоий ҳақида.

* * * * *

Очун - очун ойдиним,
Ойдин - ойдин очуним.
Ораздан оёққача -
Олмазор - ол олмали.
Ол оҳларим осмонда,
Ололмай ол олмани.
Оллоҳим - ол оҳмисан,
Ол оҳим - оллоҳмисан?!

Ошёни - оҳларимдир,
Остони - оҳларимдир.
Оташ - оташ оҳларим -
Осмони - оҳларимдир!
Оллоҳим - ол оҳмисан,
Ол оҳим - оллоҳмисан?!

Олисда олмазорим,
Олларига олқишим!
Олисликдан ожизман,
Олис оппоқ оққушим.
Оллоҳимга олқишим -
Ол оҳимга олқишим!!!
ОЛЛОҲИМ - ОЛ ОҲМИСАН ,
ОЛ ОҲИМ - ОЛЛОҲМИСАН?!!!

2021 йил, 3 июнь