30 May 2021
15:15 - Ражаб Эрдўған Истанбул Канали қурилиши қачон бошланишини эълон қилгани ҳақида

Туркия тарихидаги энг йирик инфратузилмавий лойиҳани амалга ошириш – Истанбул Каналини қуриш июн охирида бошланади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Эрдўған маълум қилди, деб хабар берди Anadolu ахборот агентлиги.

Мана унинг кеча Истанбулдаги энг баланд минора очилишида айтган сўзлари: “Июн охирида Истанбул Канали қурилишига тамал тоши қўямиз. Шубҳасиз, бу мегалойиҳадан хавотирланаётганлар ҳам топилади. Бироқ бу бизни тўхтата олмайди.”

Ушбу лойиҳани амалга ошириш Истанбулнинг стратегик аҳамиятини янада оширади, чунки канал орқали 6та кўприк ўтказилади, унинг икки томонида янги шаҳарлар пайдо бўлади.

Шунингдек, Туркия янги канал ёрдамида ўз экспорти ҳажмини 500 млрд долларгача етказмоқчи.

Истанбул канали қурилиши Эрдўған томонидан 2011 йилдаёқ эълон қилинганди. Канал мегаполиснинг ғарбий қисмида қурилади ва Қора ҳамда Мармар денгизларини боғлайди. Канал узунлиги 45 кмни ташкил қилади. Лойиҳанинг тахминий қиймати 15–25 млрд долларни ташкил қилиши мумкин.

Ражаб Эрдўған айтишича, канал қуришдан асосий мақсад Босфор бўғози бўйида жойлашган тарихий меросни сақлаб қолиш ҳисобланади.

Канал қурилишига қарши чиқаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда. Жумладан, юздан кўпроқ истеъфодаги турк адмираллари канал қурилишига қарши чиққанлар. Уларнинг фикрича, канал қурилиши мамлакат стратегик хавфсизлигига рахна солади, чунки Босфор ва Дарданелл бўғозлари мақоми ҳақидаги Монтрё конвенцияси таъсири остига тушмайди.

Бу лойиҳа амалга оширилишига экологлар ҳам қарши чиқмоқда. Уларнинг таъкидлашича, канал ишга туширилиши натижасида Истанбулнинг сув таъминотига путур етиши мумкин. Бундан ташқари, Қора денгиз сув сатҳи Мармар денгизиникига нисбатан ўртача 50 см юқори бўлгани сабабли канал қурилса, ундаги сув Мармар томон оқиб кетади ва у жадал суръатлар билан саёзлаша бошлайди.

Ҳозирда икки денгиз ўртасидаги мувозанат Босфорда мавжуд бўлган қарама-қарши оқимлар ҳисобига таъминланмоқда. Мармар Денгизи эса Қора Денгиздан ифлосланган сув ва кўп миқдорда турли сув жонзотлари келиши оқибатида “бўғила бошлайди”. Бунинг натижасида Истанбулда қўланса ҳид пайдо бўлади.

Хуллас, бу лойиҳанинг ҳам яхши, ҳам ёмон тарафлари бор. Аслида нима бўлишини вақт кўрсатади.