29 May 2021
20:00 - “Эрк” партияси президентликка номзод кўрсатди! Уятдан бош кўтаролмай қолдик

Тарихга миллий хоин сифатида кирган “Эрк” партиясининг собиқ раиси Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан хонанда Жаҳонгир Отажон Ўзбекистон президентлигига номзод қилиб кўрсатилибди. Жаҳонгир Отажоннинг Би-би-сига берган интервьюсида унинг хонадонида партиянинг 5 аъзоасидан иборат қурултойи ўтгани ва унинг номзоди Ўзбекистон президентлигига кўрсатилгани айтилади. Куласизми-йиғлайсизми?...

Эслатиш керакки, ўзини Муҳаммад Солиҳ деб кўрсатиш билан машҳур бўлган Салой Мадаминов ҳали ҳам ўша йўналишда юргани қизиқ.

***

Каминани ғаламислик қиляпти, дейишга шошилманг. Ўзбекистон фуқароси борки, унинг сиёсий партия ташкил қилишга, номзодини президенлик, депутатлик ва бошқа сайланадиган органларга илгари суришга ҳаққи бор. Аммо бунинг учун амалдаги тартиб-қоидалар мавжуд. Сиёсий партия рўйхатдан ўтиши (ҳукуматнинг сиёсий партияларни рўйхатга олмаслиги бошқа масала) лозим.

Сўнгра унинг ростакам қурултойи ўтказилиши ва партия Марказий кенгаши уставга мувофиқ, номзодни Марказий сайлов комиссиясига юбориши керак. Шунда ҳам мўъжиза рўй берса, сиёсий партия сайловда иштирок эта олади.

Аммо Муҳаммад Солиҳ ҳар доимгидек қовун туширишда давом этмоқда. 2 ой аввал қўшиқчиликни шариатга зид дея тарк этган хонандани Истанбулга чақирди, у билан расмга тушиб, уни партияга қабул қилгани ва унинг навбатдаги лидер бўлишини таъкидлади.

***

Албатта, унинг жонажон радиоси “Озодлик” кутилганидек рекламани бошлаб юборди: Истанбулда хонанда Жаҳонгир Отажонга сохта ҳужум уюштирилди. Гўё, Ўзбекистон махус хизматлари томонидан ёлланган кишилар хонанда ўша пайтда яшаб турган Истанбулга келиб, унга босим ўтказа бошлади.

“Озодлик” радиосида эълон қилинган, гўё хонанданинг Истанбулдаги офисидаги кузатув камералари ёзиб олган видео материалда хонандага босим ўтказаётган шахсларнинг юзи яширилган. Шунинг ўзиёқ “ҳужум”нинг қанчалик ҳаққонийлигини, аксинча, босқинчиларнинг юзи нега яширилиши кераклигини савол остига қўяди.

Хонанда эса ана шу саҳнадан сўнг бутунлай сиёсат учун жонини тиккани, Муҳаммад Солиҳ билан эндиликда партияни бошқаришга келишиб олгани ва Ўзбекистонга президент бўлиш режаси борлигини таъкидлай бошлади.

“Озодлик” бу видео лавҳани ижтимоий тармоқларда реклама ҳам қилди. Ҳатто Истанбулга ўз мухбирини юбориб, Жаҳонгир Отажон билан суҳбат уюштирди. Суҳбатда радио мухбири шаккоклик қилиб, янги сиёсий арбобга: “президент бўлмоқчи экансиз, сайловолди дастурингиз борми?” деди. Хонанда эса: “Нима у - дастур? Менда ҳеч қандай дастур йўқ” дея ҳайронлигини яширмади.

***

Хуллас, шу тариқа 12 май куни хонанда Жаҳонгир Отажон Тошкентга учиб келди. 14 кунлик карантин муддатини ўтагач, хонадонида Қурултой “ўтказди”. Биздаги маълумотларга кўра, Қурултойга 4 киши келиб, негадир қайтиб кетишди. Дарров “Эрк” партиясининг сайти экани айтилаётган интернет саҳифасида партиянинг баёноти эълон қилинди ва Жаҳонгир Отажон партиянинг президентликка номзоди дея эълон қилинди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Би-би-си радиоси мухбири янги номзод билан суҳбат уюштирди. Радио мухбири Муҳаммад Солиҳ ва унинг шотирларига хуш келмайдиган саволлар бериб, хонандани ўнғайсиз аҳволда қолдирди. “Озодлик”даги ҳамкасбимиз сизга сайловолди дастурингиз ҳақида савол берганди. Сиз дастурим йўқ, дедингиз. Буни қандай тушуниш мумкин”, деди. Ҳозиржавоб номзод эса: “Мен дастурсиз ҳам қатанашвераман, чунки Аллоҳ президент бўлишни қалбимга солди” деди.

Би-би-си мухбири: “Қадди баланд-е” деган қўшиғингиз машҳур, шу номли партия тузсангиз бўлмайдими, мухлисларингиз сизга эргашармиди?” дея пайров қилди. Хонанданинг жаҳли чиқиб кетди, мухбирга иззатини билиши кераклигини эслатиб қўйди. Мухбир: “Сиз шаръан ҳаром деб санъатдан кетдингиз. Мабодо, президент бўлангиз, санъаткорларнинг ҳоли не кечади?” дея пичинг қилди. Номзод эса:“Хонандалар тўйда қўшиқ айтмаса бўлди” деди.

***

Қурутойнинг бўлмагани ҳам майли, Муҳаммад Солиҳ номзодни ўзи тайинлаб қўя қолгани ҳам майли, лекин бундай масхарабоз мухолифатнинг обрўсини тўкмайдими? Ахир, бир пайтлар сиёсий мухолифатнинг майдонга келгани мамлакат мустақиллиги ва миллат тарихида муҳим роль ўйнаган-ку! Бу миллат қайғуси учун майдонга чиққан минглаб ўзбекнинг орзуларига беҳурматлик эмасми?

Мен ҳам мухолифат фаолиман, аммо эртага бу гапларим учун Салой Мадаминовнинг шотирлари ҳақорати ёмғири остида қолишни истамайман. Шу боисдан исмимни кўрсатмасликка аҳд қилдим. Мулоҳазаларим баёнида ҳеч кимни ҳақоратламадим, бировнинг шахсиятига тегмадим. Аммо Муҳаммад Солиҳнинг бу қадар сиёсий калтабин экани, оддий пиар учун ҳар қандай шармандаликдан тап тортмаслигини кутмагандим. Ҳатто журналист Бобомурод Абдулла уни фош этганида уни сал ошириб юборганликда айблагандим.

***

Афсус! Мен мухолифатдан жиддий муносабат ва қадамлар кутгандим. Буларнинг масхарабозлиги, лўттибозлиги шунчаликка боради, деб ўйламагандим. Эринмай ўқиганингиз учун раҳмат!

“Ҳаракат” таҳририятидан: Кўзингизни очинг, ҳақиқий “Бирлик”чилар!

Ўзини Муҳаммад Солиҳ деб атовчи бу шахснинг аслида ким эканини билиш учун саҳифаларимизни ўқишингизга тўғри келади. Балки биларсиз, ўзини Муҳаммад Солиҳ қилиб кўрсатиш билан овора бўлган Солиҳ Мадаминов шу каби йўллар билан ўзини машҳур қилдирмоқда.

Балки бизни ўқиб борганингизда бугунги каби ишларига ҳайрон бўлмасдингиз. Халқимизнинг илк миллий озодлик ҳаракати бўлган “Бирлик”ни парчалаш эвазига депутатлик мандати ва икки квартира олган бу одамни энди гўй тузатади. Афсуски, сотқинлик, хиёнат ва лўттибозликнинг тимсолига айланган Салой Мадаминов ҳақида гапиришнинг ўзи беҳузурлик келтиради кишига.

Аммо нима қиламиз, “Бирлик” олға сураётган ишларни амалга оширмас эканмиз, бугун таъбимизни хира қилаётган отарчилар ўртага чиқаверади.