11 April 2021
21:27 - Сифатсиз олимлар тайёрлашда давом этамизми? Илм соҳасида тузатилиши лозим бўлган жабҳалар ҳақида
Ўзбекистонда аниқ фанлар бўйича қилинаётган тадқиқотларда ҳам етарлича муаммолар борлигини англаган ҳолда (сифатли тадқиқотлар олиб бориш учун замонавий лабораториялар мавжуд эмас), ўзим яхши тушунган гуманитар фанлар бўйича қилинаётган тадқиқотлар сифати ҳақида гапирмоқчиман.

Энг ачинарлиси, биз гуманитар соҳада илм ва тадқиқот нималигини тушунмайдиган «олимлар» тайёрлашда давом этяпмиз. «Стоп» тугмасини босиб, тўла янги тизимга ўтишга қурбимиз, имкониятимиз етади, бироқ буни негадир кечиктиряпмиз.

Биздаги бир қанча мантиқсизликларни санаб ўтаман, шу билан бирга, ривожланган хориждаги ҳолат билан таққослашга баҳолиқудрат уриниб кўраман.

Биздаги мантиқсизлик илмий раҳбар танлашдан бошланади: лекин илмий раҳбар илмий салоҳиятига қараб эмас, балки «нуфузи», таниш-билишлари, «каттароқ» лавозимда ўтирган-ўтирмаганига қараб танланади. Нега дейсизми? Чунки бунақа раҳбар билан соҳада жуда авж олиб кетган бюрократик тўсиқларни осонроқ енгиб ўтиш мумкин. «Сиз зўрсиз, ҳурматингиз баланд» қабилида ишлар осонроқ битади. Чет элда эса илмий раҳбар илмий салоҳияти, етакчи халқаро журналларда чиқарган мақолалари ва бошқа шу каби кўрсатгичларга қараб танланади.

2. Бизда Олий Аттестация Комиссияси (ОAК) деган ташкилот бор. Бу ташкилотда илмий ишлар мавзулари қуйидагича кўриб чиқилади: бўлажак илмий иш мавзусини тадқиқотчи ОАКга жўнатади, ОАК буни ўрганиб, тасдиқ ёки рад жавобини беради. Тадқиқотчи жавобни бир неча ой кутади. Чет элда-чи? Чет элда мавзу тусма-таваккал танланмайди. 100-200 илмий мақолалар ўқилгач, у ердан Research Gap, яъни ҳали дунё олимлари тадқиқ қилмаган жиҳатлар ажратиб олинади ва илмий раҳбар ва бошқа илм кишилари иштирокидаги Proposal Defence («Илмий йўналиш ва мавзу ҳимояси») доирасида ҳимоя қилинади. Раҳбар ва илмий ишнинг етакчи олимлари ёш олимнинг камчиликларини билдириб, йўл кўрсатишади.

3. Чет элда тадқиқот иши методологиясиз илмий иш ҳисобланмайди. Сабаби -методологиясиз илмий ишга «мазмунга эга эмас» деб қаралади: уни қаёққа қараб чўзсангиз чўзилаверади, қаёққа олиб қочсангиз қочаверади, чек-чегара деган нарса бўлмайди.

Бизда-чи? «Тадқиқот методологияси» номи остида ҳозиргача бирорта ўзбек тилидаги қўлга илингудек адабиёт мавжуд эмаслигининг ўзи бу соҳадаги тадқиқотлар сифати қай даражада эканини кўрсатиб турибди.

4. Бутун дунёда қилинган илмий ишлар халқаро илмий тармоқлар (GoogleScholar, Elsevier, Scopus ва бошқа) орқали боғланган. Мавзу (Research Gap) шу тармоқлар тизимида чоп этилган илмий мақолалар ичидан изланади. Яъни илмий иш қилинишидан аввал, юқорида айтилганидек, бутун дунё олимларининг айни мавзудаги ишлари атрофлича ўрганилади.

Ўзбекистондаги маҳаллий университетларнинг баъзиларидагина илмий кенгашлар мавжуд. Бу дегани илмий соҳада бутун республика олимлари бир-бирини деярли шахсан танийди, Ўзбекистонда илм «вакуум» ичида «ривожланмоқда».

5. Бизда илмий ишлар ҳимояси учун илмий иш натижаларининг амалий татбиқи бўйича илмий иш билан боғлиқ ташкилотдан тасдиқ сўралади. Бу жумлани тушуниш қийин бўлди-а? Мен ҳам зўрға туздим буни. Аммо бунга бизда йўлга қўйилган «тизим» айбдор, мен эмас. Aниқки, мазкур бюрократик босқичда таниш-билишчилик қўл келади: «сиздан нима кетди - «амалиётга жорий этилди» деб қўл қўйиб юборинг, жавобгарлиги йўқ бунинг...» Хорижий университетларда эса тадқиқотлар асосан таянч тадқиқотлар бўлиб, асосан назариялар яратишга хизмат қилади, биздаги тадқиқотларга ўхшаб, қайсидир компания мисолида бозорга ёки амалий тадқиқотларга асосланмайди.

6. Чет элда тадқиқот қилаётган киши илмий ишнинг биринчи йилида «Тадқиқотлар методологияси», «Эконометрик таҳлил», «Математик моделлаштириш» каби тадқиқот учун ўта муҳим ўзак фанлар бўйича ўқийди ва имтиҳон топширади. Бизда эса бу фанлар умуман мавжуд эмас, аммо минимумлар - тадқиқотчига илмий манфаат келтирмайдиган, лекин унинг анча вақтини оладиган минимумлар мавжуд.

Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати, ОAК илмий тадқиқотлар тизимида узоқ йиллар икки босқичли тизимни, яъни номзодлик ва докторлик тизимини (2010-йилларгача), кейин маълум муддатда якка босқичли DS тизимини ва сўнгги йилларда PHD ва DS тизимларини жорий этиб келмоқда. Қизиғи, ривожланган дунёда ягона PHD тизими мавжуд, холос.

Бугунга келиб ОАК дунёнинг энг рейтинги баланд 300 университетларининг PHDларига автоматик DS бериш амалиётини «жорий» қилди. Ҳарна! Ўша юқори рейтингли университетлардан PHD олган ҳамкасбларимиз учун хурсандман. Лекин, яна мантиқ излайман: нима учун топ 500ни эмас, ёки топ 1000ни эмас, ёки биратўла барчасини эмас?

Илмий ташкилот ишларида мантиқ бўлмаса-я! Жамиятимизнинг бошқа соҳаларини мантиқ доирасига киритиш осон бўлармикан?

Мақсад қуруқ танқид қилиш эмас - илм соҳасида тезкорлик билан тузатилиши лозим бўлган бир қанча жабҳалар бор, буни бир кун ҳам ортга суриб бўлмайди:

- Маҳаллий университетларда тезкорлик билан илмий бўлимлар: «Тадқиқот методологияси», «Эконометрик таҳлил», «Математик моделлаштириш» кабиларни ҳамда STATA, SPSS, Nvivo тадқиқот учун мўлжалланган дастурларни ўқитишни ташкил этиш керак.

- Илмий иш қилишга ихлосманд кадрларга энг камида IELTS 6 (TOEFLibt 80) талабини қўйиш керак. Бу орқали, биринчидан, илмга ҳақиқий илмлиларнинг кириб келиши таъминланади. Халқаро миқёсдаги мақола ва ишлар билан танишиш учун барибир тадқиқотчидан инглиз тилини яхши билиш қатъий талаб этилади.

- Илмий ишлар режаларини анъанавий 3-5 бўлимли (назария, ҳозирги ҳолат, ривожлантириш истиқболлари) шаклдан ҳалқаро (адабиётлар таҳлили, методология, таҳлил ва муҳокама) шаклига ўтказиш лозим.

- Илмий семинар ва илмий кенгашлар таркибини имкон даражасида замонавий тадқиқот билимларига эга ёш мутахассислар билан янгилаш ва амалдаги профессорларни илмий ишнинг халқаро андозалари доирасида ўқитишни ташкил этиш керак.

- Илмий семинар ва илмий кенгашда иштирок этувчи профессор-устозларнинг илмий семинар ва илмий кенгашда иштирок этиши учун бир марталик иш ҳақи жорий этиш керак (илм аҳли текинга ишлаши керак эмас).

- Илмий ишнинг амалиётга жорий этилгани борасидаги талабларни бекор қилиш керак. Бу ишлар кечиктирилгани сайин жамиятда сифатсиз олимлар сони ортиб бораверади. Бунақа олимлар эса ўз ўрнида ўзига мос шогирдлар тайёрлайди. Дунё шиддат билан ўзгаряпти. Жамият имижи, хусусан, унинг олимлари ва улар чиқарган илмий мақолалар орқали яхшиланади. Мамлакатнинг инвестицион муҳити ҳам, масаланинг тагига қарасак, шунга боғлиқ.

Умиджон Aхунжонов
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университети маърузачиси, PhD.

* * * * *

"Ҳаракат": Бу доклад Ўзбекистондаги сайтлардан биридан рухсатсиз олинди. Узр тилаймиз. Аммо, ёзилган нарсалар жуда ҳам муҳим ва муаллиф жуда ҳам тўғри фикрларни ёзган. Қани, ҳурматли ўқувчиларимиз нима дейдилар бу муҳим ва тўғри фикрлар бўйича?