11 March 2021
19:36 - Ўзбекистон Президенти қирғиз меҳмон Садир Жапаровни кутиб олди, икки томонлама учрашувлар бошланди

Шавкат Мирзиёнинг таклифига биноан Қирғизистон Президенти Садир Жапар давлат ташрифи билан бугун эрталаб Тошкентга етиб келганди.

Кейин Кўксарой қароргоҳида олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммитининг асосий тадбирлари бошланди. Кейин уларнинг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашувлар чоғида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда ва қилинаверади.

“Мулоқотда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Кўплаб масалалар бўйича томонларнинг позицияси бир хил экани намоён бўлди”, дейилади хабарларда.

Қирғизистон президенти Ўзбекистоннинг минтақада ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини, Марказий Осиё Давлатлари Раҳбарлари Маслаҳат Учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирибди, томонлар ушбу форматдаги учинчи учрашувни 2021 йилда ўтказиш муҳимлигини қайд этишибди.

Марказий Осиёга тегишли барча масалалар минтақа давлатларининг ўзи томонидан, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳурмат қилиш тамойили асосида ҳал этилиши муҳимлиги таъкидланибди.

Халқаро майдонда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий Тилли Давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳам якдил фикр билдирилганлиги ҳам айтилмоқда.

Садир Жапар Қирғизистон делегациясига кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик ва самимий қабул учун Шавкат Мирзиёга миннатдорчилик билдириб, давлатимиз раҳбарини Қирғизистонга ташриф буюришга таклиф қилган.