29 January 2021
14:23 - Қонунчилик Палатаси депутатлари сайлов кунини кўчиришга оид қонун лойиҳасини қабул қилдилар – сайлов бу йил 24 октябрда бўлади
Қонунчилик Палатаси Конституция ва Сайлов кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, ўзгаришлардан бири сайлов санасини декабрдан октябрга кўчиришни кўзда тутгани тасдиқланибди. Сенат ҳам шу қонунни қабул қилса, кейин уни Президент имзоласа, 2021 йилги президентлик сайловлари 24 октябрда бўлади.

“Қонунчилик Палатаси депутатлари Президент сайловлари санасини ўзгартириш ва бошқа қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Жумладан, сиёсий партияларга сайлов кампанияси даврида Давлат Бюджетидан ажратилган маблағлар учун Ғазначиликда ҳисобвароқ очилмайдиган бўлди”, дейилибди LIVE хабарида.

Хуллас, бу ҳужжат тасдиқланиш учун Сенатга юборилармиш. Бошқача бўлиши ҳам мумкинмас, дейди “Ҳаракат” мухбири.

Эслатиш керакки, қонун лойиҳасига кўра, сайловларни октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф этилаётгани маълум қилингани ёмон хабар бўлмаганди.

Яна эслатиш керакки, президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширадилар, ушбу лавозимга 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин. Бизда президент беш йил муддатга сайланишини ҳам унутмайлик.