Ўзбекистон Журналистика ва Оммавий Коммуникациялар Университети ректори, Халқаро Пресс Клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев ўз фамилиясидаги “–ев” қўшимчасидан воз кечди. У “Ўзбекистон 24” радиоканали эфирида бу ҳақида изоҳ берар экан, энди ўзлигини топганини ва бундан буён унинг шарифи “Қудратхўжа” деб юритилишини маълум қилди.
– Мен ҳозиргина Давлат Хизматлари Агентлигида ўз ҳуқуқимдан фойдаланиб шуни расмийлаштирдим, – деди Қудратхўжа Шерзодхон Тожиддинхон ўғли. – Биз ўзлигимизни англамас эканмиз, миллий ғурурни ҳис қилмас эканмиз, ҳеч қачон ривожланмаймиз.
ФАМИЛИЯЛАР ТАРИХИ...
Ўзбекистондаги фамилиялар борасида Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси Ориф Толибнинг саҳифасида берилган мақолада қайд этилишича, Собиқ Иттифоққача Ўрта Осиё халқлари, жумладан, ўзбеклар фамилиядан деярли фойдаланмаган. Фамилия тушунчаси Чор Россияси ҳукмронлигида кириб келган.
Ўрхун-Энасой ёдгорликларида Култегин, Билга хоқон, Тунюқуқ каби исмларга, “Девону луғатит турк”да эса Алп Эр Тўнга исмига дуч келамиз. Демак, бу пайтларда номлар қисқа ва лўнда, отларга қўшиладиган қўшимча сўзлар эса сифат, унвон ва нисбалардан иборат бўлган. Алп Эр Тўнга “йўлбарс каби кучли баҳодир” деган маънони билдиради.
VIII асрдан бошлаб исмларни арабча ифодалаш урфга кирган. Масалан, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг тўлиқ, кенгайтма исми “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Мағийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуафий ал-Бухорий”дир. Исмларни бу тарзда бериш кишининг нафақат отаси ёки бобоси, балки бир неча авлод бобокалонларини ҳам келтириш имконини беради. Оғзаки тилда эса қисқа шакл ишлатилаверади: Аҳмад Фарғоний, Мусо Хоразмий, Аҳмад Яссавий.
Аёлларнинг тўлиқ исмида ибн ўрнига бинту, бинти, бинт сўзлари ишлатилган.
Абу фалончининг отаси маъноси англатган. Абу Али – Алининг отаси. Бу сўз баъзида оталикни кўрсатиш учун эмас, қўшимча таъриф-тавсиф бериш учун қўлланган.
Киши исмларига нисба сифатида у туғилган, яшаган, мансуб бўлган жой номларидан ташқари, касб-корни билдирувчи сўзлар, лақаб ва унвонлар ҳам қўшилган.
Адиблар эса ўзларига олган тахаллуслар билан аталган: Алишер Навоий, Лутфий, Муҳаммадризо Огаҳий, Махтумқули Фироғий, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ва ҳоказо.
XIX аср охири – XX аср бошларида Чор Россияси таъсирида ҳозирги тушунчадаги фамилиялар истеъмолга кирди. Ота исмларига “-ов”, “-ев” қўшимчаларини қўшиш бошланди. Бу пайтда “-ий” қўшимчали фамилиялар ҳам кўп қўлланган: Абдулла Қодирий, Саид Аҳрорий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Фамилиялар баъзида “-зода” сўзи билан тугаган: Муҳаммадшариф Сўфизода.
Бу даврдаги манбаларда ота исмидан сўнг ўғли сўзи ҳам ишлатилганини кўриш мумкин.
Бугун биз фамилияларимизда ишлатадиган “-ов”, “-ев” русчадан кирган. Тўғрироғи, киритилган.
* * * * *
“Ҳаракат” Агентлиги: Бу мавзу биз учун жуда муҳимдир. Шу сабабли, ортиқча титкилаб ўтирмасдан, шу қисқача матнни ҳаммага таклиф қилмоқдамиз. Бундан фойдаланишга ҳаракат қилинг, ҳурматли ўқувчиларимиз!
Бу хабарга илова қилинаётган расмда янги исми "Шерзод Қудратхўжа" бўлган Шерзод Қудратхўжаевни кўрмоқдасиз. Нима ҳам дердик, "Офарин, Шерзод Қудратхўжа!"