13 December 2020
02:12 - Карантин даврида нима учун прокурорларга стикер берилиб, адвокатларга берилмади? Ҳуқуқ фаоли {“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов – “Ҳаракат” Агентлиги} пандемия давридаги муаммолар ҳақида

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Kun.uz мухбирига берган интервюсида 2020 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва эркинликларини таъминлаш борасида кузатилган ижобий ҳолатларни эътироф этган ҳолда бу борадаги муаммолар, жумладан, пандемия шароитида кузатилган ҳуқуқсизликлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шу билан бирга у карантин чекловлари пайтида прокурорлар ва адвокатларнинг ҳуқуқлари тенг бўлмагани, жазони ижро этиш муассасалари маҳкумларига бўлган муносабат ҳақида ҳам гапирди.

Жамшид Ниёзов (Ж.Н.) - Ўтиб бораётган 2020 йил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қандай ижобий ўзгаришлар билан ёдда қолмоқда?

Абдураҳмон Ташанов (А.Т.) - 2020 йил бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам оғир йил бўлди. Пандемия шароитида одамларнинг ҳаракатланиши маълум даражада чекланди. Албатта, бу чекловлар хавфсизлик нуқтайи назаридан қилинди. Шунга қарамасдан, кўряпмизки, инсонларга саломатликдан ҳам, нондан ҳам муҳим нарсалар бор экан. Булар – cўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари масаласи.

ОАВ орқали кўряпмизки, Европа давлатларида, хусусан, Буюк Британия ва Германияда катта-катта норозилик чиқишлари бўлмоқда. Одамлар бизнинг озодлигимиз, ҳаракатларимиз, ҳуқуқларимиз чекланмасин, деган чақириқлар билан чиқишмоқда. Демак, ҳуқуқ – бу инсоният учун энг муҳим масала. Айтайлик, бугун Ливияда одамлар жон сақлаш илинжида, Эфиопия ва Сомалига ўхшаш давлатларда эса қорин тўйдириш дардида юрган бўлса, ривожланган мамлакатларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш орзусида юрибди ва ўз ҳуқуқлари учун кураш олиб боришмоқда.

Ўзбекистонда [2020 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида] ижобий ҳаракатлар кўзга ташланяпти. Лекин бу жараён тўлқинсимон, яъни бир кўтарилиш-тушиш босқичида. Айтайлик, амалдорларимизнинг сиёсатимизга хос бўлмаган баёнотлар бериб қўяётган ҳолатларини ҳам кўряпмиз. Бунинг орқасидан ўзлари яхшигина “тарсаки” ейишмоқда.

Ж.Н. - Пандемия бутун инсоният учун кутилмаган бало, синов бўлди. Табиийки, бу жараёнда дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳам кузатилди. Сизларга айнан пандемия шароити, жорий этилган карантин чекловлари ортидан ҳуқуқлари бузилган шахслар айнан нималардан кўпроқ шикоят қилишди?

А.Т. - Келинг, шартли равишда мен айтай, бизда пандемиядан ҳам оғир даврлар бўлган. Мен яқин ўтмишимизни назарда тутяпман. Чунки инсонларнинг бирламчи ҳуқуқларини таъминлаш масаласида оғир йилларни бошдан кечирдик. Дейлик, мажбурий меҳнат, болалар меҳнати деймиз ва бошқалар. Шу нуқтайи назардан пандемиядан оғирроқ пайтлар ҳам бўлган.

Лекин пандемия пайтида стихияли-мажбурий ўзимизни чеклашга ҳаракат қилдик. Одамлар биринчи навбатда ички ишлар идоралари, Миллий гвардия ва осойишталикни сақлашга масъул бошқа органлар билан ўзларининг ўртасида келиб чиққан тушунмовчиликлар ортидан келиб чиққан ҳолатлар юзасидан мурожаатлар билан чиқишди.

Масалан, айтайлик, пандемия шароитида жамоат осойишталигини сақлаш – жуда мураккаб масала. Ушбу ҳолатда билиб ёки билмай инсонларнинг ҳуқуқларини бузиб қўйиш, эркинликларини чеклаб қўйиш мумкин. Бундай вазиятда иккинчи томон, албатта, ўзининг ҳуқуқини талаб қилишга ҳақли.

Шу нуқтайи назардан тартибга солиш, осойишталикни сақлаш билан боғлиқ жараёнда инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини кўплаб кузатдик, бизга бу борада кўплаб мурожаатлар бўлди. Ўз навбатида биз мазкур мурожаатларда келтирилган важлар бўйича давлат ҳокимияти идораларига мурожаат қилдик.

Лекин, афсуски, ҳозирги пайтда жуда кўплаб нодавлат ва жамоат ташкилотлари карантиндан чиқиб, фаолиятини аввалгидай йўлга қўяётган бир пайтда Олий суд ва бошқа суд-ҳуқуқ идоралари ҳалигача ёпиқ турибди, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда аввалги режимда ўз иш фаолиятларини давом эттирмоқда. Ҳолбуки, карантин чоралари юмшатилганига анча бўлиб қолди. Бундан эса кўпчилик норози бўлмоқда. Бош прокуратура ёки Олий суддагиларнинг жони жон-да, бизники бақлажонми, дегандай истеҳзоли эътирозлар бўлмоқда. Чунки одамларнинг Бош прокуратура ва Олий суд сингари идораларга мурожаат қилиш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам кучайган. Менимча, бу идоралар ҳам тез орада қанақадир даражада карантин чораларини юмшатишлари керак.

Ж.Н. - Таҳририятимизга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қоғоз шаклидаги мурожаатларни қабул қилмай қўйгани, карантин пайти бўлишига қарамасдан, айрим ишлар жадаллаштирилган тарзда судларда кўрилгани, аммо тарафлардан бири суд мажлисларида иштирок этмагани ҳақида кўплаб шикоятлар келиб тушган. Сиз фаолият юритаётган ташкилотга бу борада қандайдир мурожаатлар бўлдими?

А.Т. - Шахсни суд қилиш жараёнида унинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш – инсон ҳуқуқларининг бирламчи вазифаларидан биттаси. Яъни биз Хабеас корпус институтини жорий қилдик деб мақтандик. Жаслиқни ёпдик деб гапириб юрибмиз. Лекин айтайлик, судларда фуқароларнинг ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлай олмас эканмиз, инсон ҳуқуқлари ҳимояси зўр бўлиб кетди деб айтишга, менимча, унчалик ҳаққимиз йўқ.

Чунки карантин даврида маъмурий судлар бўладими, жиноят ишлари бўйича судлар бўладими, суд мажлисларида шахсларни адвокатлар билан таъминлаш даражаси жуда пасайиб кетди, ҳуқуқий ҳимояси деярли йўқ ҳолатлар ҳам кўпайди. Бу бўйича Адвокатлар палатаси ўзининг чиқишларини қилди, адвокатларнинг ўзлари ҳам ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилишмоқда, фуқаролар ҳам бу борада учраётган муаммоларни кўтаришмоқда.

Айтайлик, прокурорларга карантин пайтида ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи стикерлар берилди-ю, Хабеас корпус шароитида нега у билан тенг бўлган ҳимоячининг уйидан чиқишига рухсат берилмади? Бундай ижтимоий нотенгликлар, ижтимоий адолатсизликлар, албатта, фуқароларда норозиликларни келтириб чиқаради ва биз бунинг бир қисмини кўрдик. Умид қиламизки, бундан кейин карантин чекловларини белгиловчи республика комиссиялари масаланинг шу жиҳатларини инобатга олишади.

Ж.Н. - Кейинги пайтда Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қандайдир ижобий ўзгаришларга эришилди, деб айта оламизми? Қайси муаммолар ҳалигача мавжуд ва ечимини топиши керак деб ҳисоблайсиз?

А.Т. - Мен Омбудсман институти билан ҳамкорликда жазони ижро этиш муассасаларида бўлдим. Ҳақиқатан маълум даражада ўзгаришлар бор. Бу нималарда кўринади? Айниқса, маҳкумларга нисбатан муносабат анчайин ўзгарган. Масаланинг биринчи навбатда субъектив томонига эътибор бериш керак, сабаби ҳамма объектив хулосалар шундан келиб чиқади. Энг муҳими, президент бошчилигида амалга оширилаётган сиёсатга ҳамоҳанг равишда ЖИЭМ бошлиқларининг маҳкумларга нисбатан муносабати, муомаласи ўзгарган.

Энди объектив жиҳатдан қарайдиган бўлсак, айтайлик, ётоқ жойлари, бошқалари анча яхшиланган. Шу билан бирга ўзига яраша муаммолар ҳам кўп. Масалан, қамоқхоналарда мунтазам, систематик қийноқларнинг камайиши жуда катта ютуқ. Мен ҳали тергов изоляторларида деётганим йўқ ёки ички ишлар органларида деётганим йўқ. Бунақа десам ёлғончи бўламан, сабаби биргина Kun.uz сайти ҳам бу борадаги қатор муаммоларни ёритиб келмоқда.

Шу билан бирга қамоқхоналар ҳақидаги маълумотларнинг очиқланиши, қамоқхоналарга оид маълумотларнинг давлат сирлари рўйхатидан чиқарилиши жуда ҳам катта воқеа бўлди. Сабаби шу пайтгача қамоқхоналарни умуман бир туман ичидаги, кўриб бўлмайдиган, кўз илғамайдиган жой деб билардик. Ваҳоланки, ҳозир биз журналист сифатида ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ҳам қамоқхоналарга кириб, маҳкумлар билан гаплашяпмиз. Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларидаги шароитлар мамлакатнинг тараққиёт даражасига мос. Албатта уларни юксак даражада ривожланган Финляндия, Норвегия қамоқхоналари билан солиштириб бўлмайди, бу нотўғри.

Лекин ҳукумат муаммолар борлигини тан олмоқда. Муаммони ҳал қилиш уни тан олишдан бошланади. Биз шартли равишда 30 йил деяпмиз, ундан авваллари ҳам Ўзбекистонда қийноқлар билан боғлиқ муаммолар борлигини тан олмаганмиз, бу масалалар яқин-яқингача ҳал қилинмасди. Бугун муаммолар тан олиниб, масъуллар кўпроқ танқид қилиняптими, демак, нимадандир умид қилсак бўлади.

Энди ҳозирги вақтда кимларгадир шароит ёмонлашаётганга ўхшаб кўриниши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистонда сўз эркинлиги мустаҳкамланиб бораётган бир вазиятда ҳамма муаммолар ҳақида гапирмоқда, ёзмоқда. Бу жараённи кузатганда гўёки атрофимиз фақат муаммолар билан тўлиб-тошгандек кўринади. Лекин аслида сўз эркинлиги берилмаса, ҳамма нарса музлатилган бўлганда, бу муаммолар очилмасди, худдики ҳамма соҳаларда ишлар бадастирдек туюларди. Демоқчи бўлганим, ҳамма соҳаларда олдинга силжиш бор, муаммолар ҳам бор. Бироқ ечимини кутаётган муаммолар шу қадар кўпки, уларни ўйлайверсак, некбин ва холис бўлолмай қоламиз.

Халқимизнинг асрлар синовидан ўтган қуйма нақллари, мақоллари бор. Шулардан бирида “Дўст ачитиб гапирар” дейилади. Қаранг, дўст дейиляпти. Дўстларгина сени танқид қилади деган маънода айтиляпти. Биз, албатта, халқимизга ва у сайлаган ҳукуматга дўстмиз. Ҳамиша дўстлик қўлини чўзамиз. Дўстлик қўлини чўзишимиз доимий равишда кичкина-кичкина “тарсаки”, танқидлардан иборат. Инсон ҳуқуқлари бугунги каби йиғилишларда эмас, балки ҳар куни ҳар жойда гапирилишини хоҳлаймиз. Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунини фақат 10 декабрда нишонлаш, йил охирида соҳага алоқадорлар бир жойга тўпланиб, фикр алмашиш билан мақсадга эришиб бўлмайди. Инсон ҳуқуқларининг топталаётгани, эркинликлари чегараланаётгани ҳақида ҳар куни, ҳар соатда гапирилиши, эсланиши керак. Керак бўлса, мадҳия даражасида эсланиши керак. Чунки ривожланган давлатларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ лозунглар биноларнинг пештоқида турибди, мансабдорларнинг хизмат хоналарида турибди ва кўчаларга ҳам илиб қўйилган. Биз ҳам Ўзбекистонда шундай кунлар келишини истардик.


* * * * *

Манба –Kun.uz (https://kun.uz/news/2020/12/12/karantin-davrida-nima-uchun-prokurorlarga-stiker-berilib-advokatlarga-berilmadi-huquq-faoli-pandemiya-davridagi-muammolar-haqida)


 


“Ҳаракат” таҳрири – Минг афсуски, бу эълон қилинаётган мулоқотда икки тарафнинг юзларини кўрмасдан, уларни тушуниш қийин. Шундай экан, мулоқотни Интерент саҳифаларида ҳам кузатиш керак.

Бу хабарга илова қилинаётган расмда фақат Абдураҳмон Ташановни кўрмоқдасиз. Мулоқот қилаётган журналист Жамшид Ниёзовнинг расмини шу мулоқот расмларида кўришингиз мумкин.