13 November 2020
12:02 - Давлат раҳбари жойларга борса, ҳамма нарса дабдала эканлиги маълум бўлади. Масалан, Қашқадарёга?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё кеча Қашқадарёга бориб, Қарши шаҳридаги Ёшлар Марказида бўлгани, ёшлар билан учрашув ўтказгани давлат раҳбарининг расмий веб-сайтида бугун хабар қилинганини, ҳамма қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари хабар қилдилар. Айнан ўша хабарда айтилишича, Қашқадарё вилоятида 26 мингдан ортиқ ёшлар ишсиз эканлиги аниқланибди.

Хабарларга ишонсангиз, у вилоятда 26 мингдан кўпроқ ишсиз ёшлар борлигини, тадбиркорлик ривожи даражаси анча пастлигини билиб оласиз. Агар, президент у ерларга бормаса,буни ҳам билмаган бўлардингиз, ҳурматли ўқувчиларимиз!

Аммо, савол туғилади, ҳар бир вилоятда аҳолининг, авваламбор ёшларнинг аҳволи билан танишиш учун ўша ерга бориш шартми? Президентнинг мақсади – жойларга бориб, ҳамма нарсани кўриш ва аниқ рақамларни ўрганимшми?

Қаршидаги Ёшлар Марказида Шавкат Мирзиё шундай дебди: “Мен сизларнинг кўзларингизга қараб, очиқ мулоқот қилгани келдим. Ҳамма ёшлар билан кўришишни хоҳлардим, лекин, афсуски, бунинг иложи йўқ. Сиз уларнинг вакиллари ўрнида жойлардаги муаммоларни, ёшлар истакларини айтишингизни истардим. Шунинг учун қўрқмасдан, ўз ота-оналарингга нима дейишни хоҳласаларинг, ҳамма фикрларингни бемалол айтинглар”.

Хабардаги рақамларга ишонилса, Қаршида ростдан ҳам ёшларнинг аҳволи - ишлари дабдала эканлигини кўрасиз. Расмларда ҳамма нарса жойида, аммо ҳақиқий ҳаёт қанақа?

Учрашувда турли соҳаларда ўқиётган ва ишлаётган ёшларнинг фикрлари эшитилганмиш, уларнинг таклифлари маъқулланганмиш, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилганмиш.

Қаранг, ҳурматли ўқувчиларимиз, президент борган жойда ҳамма нарса яхши томонга ўзгаришга бошлабди. Шунга ишонасизми? Шавкат Мирзиёнинг ўзи ишонадими?

Ўзбекистонда “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси 15-20 йилдан бери гапириб келаётган ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларни бошлаш керак. Бу ислоҳотларнинг марказида бутун аҳолининг, жумладан ёшларнинг ҳам, ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТИНИ тўла бозор иқтисодиётига ва демократия йўналишига ўтказиш кераклиги ҳақидаги таклифлари амалга оширилмаётганини кўрасиз. Бундай ишлар билан олға кетиб бўлмайди, ўртоқ Шавкат Мирзиё!

Бу ерга илова қилинаётган расм Президентнинг Матбуот Хизмати тарафидан эълон қилинган.