08 October 2020
23:27 - Юсуф Жума: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғичи Саидахонга

Чиндан ичинг ёнадими, чиндан ўзбек хор,
Шундоқ қолур тиклангунча сотқинларга дор,
Шундоқ қолур юракларда тўрлагунча ор,
Қизалоғим, ҳаммасига отанг айбдор!

Уйингда йўқ нарса йўқдир, лекин бир ушоқ
Тозаси йўқ - санайсанми сутингни оппоқ?!
Пешонанинг теридан сут келса бўлур оқ,
Қизалоғим, ҳаммасига отанг айбдор!

Ичимда йўқ - ичи кирлик - энг иркит иллат,
Кичик Шавкат катта Шавкат бикин бешавкат
Ноэр бўлиб яшамасин, номусдир - шавкат,
Қизалоғим, ҳаммасига отанг айбдор!

Боболари Кремлнинг эски қуллари,
Тоза бўлмас юртфурушнинг топган пуллари,
Фарзандингга йўл бўлмасин улар йўллари,
Қизалоғим, ҳаммасига отанг айбдор?!

Ёлғон билан кўтарилган номард танглайи,
Москванинг этигига ўкча манглайи,
Ўзбекка дўст бўлармиди ўрис малайи?!
Қизалоғим, ҳаммасига отанг айбдор!

Эл уйини куйдирганди бурунги даъюс,
Яшар эди куйган кулба ўрнида улус,
Култепани тортиб олди бугунги ноқис,
Қизалоғим, ҳаммасига отанг айбдор?!

Кўраяпман уммонларнинг ортида гирён,
Сен қўйнида - кўрмайсанми - қўли қон - уммон -
Қирилмоқда отанг боис камқон оломон?!
Қизалоғим, ҳаммасига отанг айбдор?!

Орли бўлса - мен ҳам унга аскар бўлардим,
Орий бўлса - мен ҳам унга аскар бўлардим,
Сордек бўлса - мен ҳам унга аскар бўлардим,
Қизалоғим, ҳаммасига отанг айбдор?!

Шонсиз шоҳга эмас, шонли шеъримга қиз бўл!
Темурхонга - ғуруримга - пиримга қиз бўл!
Туронимга - очунимга - еримга қиз бўл!!!
Қизалоғим, ҳаммасига отанг айбдор!

2020йил, 6 октябрь