Кеча Киевда Украина Хавфсизли Хизматида ўтказилган “Қрим татарларининг депортацияси: тарихий ва ҳуқуқий баҳолаш” номли давра суҳбатида иштирок этган Крим татарлари Мажлисининг раиси Мустафа Жамил ўғли 1944 йилда қрим татарларининг Қримдан депортация қилинишини геноцид деб тан олишни талаб қилди.
Қрим татарларнинг лидери шундай деди: “Қрим 18 асрда руслар тарафидан босиб олингандаёқ ирқий тозалаш бошланган. Татарларни ўз юртларини тарк этишга мажбур қилишганди. Аммо, большевиклар радикал усуллар қўлладилар. Қрим татарлари Улуғ ватан уруши йиллари нацистлар билан ҳамкорлик қилишда айбланиб, Қримдан бутунлай чиқариб юборилдилар. Бундай айбноманинг маъносизлиги шундаки, уруш бошланиши билан ҳамма қрим татар эркакалар, буни исташ-истамасликларидан қатъий назар армияга олиб кетилгандилар. Юртда фақат аёллар ва қариялар қолишганди.”
Шундан кейин, қрим татарларнинг депортация қилиш тафсилотлари, депортация вақтида ва кейинги икки йил ичида қрим татарларнинг 46 фоизи жисмоний йўқ қилингани, Қрим руслаштирилгани, қрим татарларнинг маданий бойликлари йўқ қилингани, ҳатто қабристонлари бузиб ташлангани ҳақида гапирган Мустафа Жамил ўғли сўзларини қуйидагича тамомлади:
“ Биз узоқ йиллардан бери бу масалада тарихий адолатни тиклаш учун курашмоқдамиз. Қрим татарларининг миллий кенгашида (2005 йил) бу жиноятни геноцид деб тан олдириш кераклиги ҳақида қарор олганмиз ва ҳаракат бошлаганмиз. Украина раҳбарияти ва шахсан президентдан бу жиноятни қайта ўрганиш ҳақидаги кўрсатмаси учун миннатдормиз. Гап айбдорларни топиб, жазолаш ҳақида эмас. Украина каби ҳуқуқий давлат бу геноцидга ҳуқуқуй баҳосини бериши керак.” // “Новый Регион – Киев”, www.nr2.ru/kiev