16 July 2009
09:45 - Ўзбекистонда даврий нашрларга обуна бошлангани Абдураҳим Пўлатга “Бирлик” тарихидан бир лавҳани эслатди
Бугун Ўзбекистонда даврий нашрларга обуна бошлангани ҳақида расмий хабар тарқатилди. Эркин ва бозор иқтисодига ўтган мамлактларда ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган, собиқ Совет жумҳуриятларида ҳам ҳамма унутиб бўлган бундай кампания мамлакатимзда ҳалигача давом этаётгани кулгилидир. Аммо, бир нарсани тушуниш мумкинки, қаттиқ цензура остидаги бемаза расмий нашрларга ҳеч ким ўз ихтиёри билан обуна бўлмайди. Демак, обуна номи остида одамларни турли йўллар билан даврий нашрларга мажбуран ёздириш кампанияси бошланади. ЎзАнинг хабарида айтилишича, бу кампаниянинг бошланиши мунсабати билан уюштирилган матбуот конференциясида даврий нашрларни тарқатиш билан шуғулланадиган “Матбуот тарқатувчиси” ва “Ўзбекистон почтаси” номли акционерлик жамияти раҳбарлари С.Нажбиддинов ва Р.Қосимовлар қатнашибди.

“Ўзбекистон почтаси” Совет замонидаги “Союзпечать”нинг вориси эканлиги тушунарли. Аммо, мустақилликдан кейин тузилган “Матбуот тарқатувчиси” ширкатининг номи “Бирлик” халқ ҳаракатининг тарихидан бир воқеани эслатади. Бу ҳақда “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат қуйидагиларни айтди.

1989 йилда “Бирлик” хабарномасини чиқаришга бошлаганимизда, уни тарқатиш масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Чунки, ротапринт усули билан кўпайтириладиган ўзбек тилидаги илк демократик нашрнинг тиражи бир неча юздан ошмасди. 1991 йилда ҳозир Россияда миллионерга айланган, аммо у пайтда энди оёққа тураётган янги бизнесменинг молиявий ёрдамида “Мустақил ҳафталик” газетасини Россия шаҳарларида типографик усул билан 20 минггача нусхада чиқаришга бошлашимиз билан, уни тарқатиш муаммоси билан қаршилашдик.

Бир кун Намангандаги “Бирлик” офисида бу газетанинг тарқалмай ётган турли сонларидан бир неча минг нусхасини кўрганда тушундимки, бу наманганлик дўстларимизнинг айби эмас, кўп нусхадаги нашрларни “хаваскорлик” йўли билан тарқатиб бўлмайди. Табиий, ҳаражатини тўласак ҳам, “Союзпечать” бу иш билан шуғулланмаган бўларди. Демак, бу иш билан шуғулланадиган ўз ширкатимизни қуришимиз лозим.

Ишбилармонликни тушунадиган сафдошимиз Маҳмуджон Иноқовга қисқа номи МАТТАР бўладиган “Матбуотни тарқатиш” ширкати тузиш ва уни рўйхатдан ўтказишни таклиф қилдим. Унга МАТТАР брэнди ёқмади, устимиздан “маттар-баттар” деб кулишади ҳам деди. Шу сабабли бошқа ном билан ширкат тузишга бошлади. Аммо, кейинчалик “Бирлик” халқ ҳаракатига қарши бошланган репрессиялар соясида бу иш қолиб кетди.

Ҳозир Ўзбекистонда “Матбуот тарқатувчиси” номли ширкат борлигини эшитиб, ўша кунги воқеаларни эсладим. Қаранг, ҳатто шу арзимаган масалада ҳам мавжуд тузум аввал бизнинг таклифларимиз доирасида иш бошлабди, яъни мен айтган ном остида ширкат тузибди. Аммо бу ширкатнинг иш принциплари бизнинг истагимиз йўналишида бўлмагани сабабли, замонавий МАТТАР ўз функциясини бажаролмасдан, обуналар билан овора. Бизнинг ташаббус, ҳеч бўлмаса ном танлашда, ишга солинибди, яхши - олқишлаш керак. Аммо, Ислом Карим бошчилигидаги Ўзбекистон раҳбарлари бошқа масалаларда ҳам бизнинг маслаҳатлар йўлида иш олиб боришса эди, Ўзбекистон ҳамма соҳаларда анча олдинга кетган бўларди.

Шу мавзу бўйича яна бир нарсани эсламоқчиман. “Эрк” партияси раҳбарлари ва уларга ҳамтовоқ бўлиб олган собиқ бирликчи Баҳром Ҳамро баъзи чиқишларида “Эрк” газетасини, ўн минглабни қўйиб туринг, юз минглаб нусхада чоп этиб, ўзлари тарқатишаётганини гапириб туришади. Чунки, улар юз минглаб газета тарқатиш қандай бичимдаги ишлигини, бу ишнинг ҳажмини билишмайди ҳам, тушунишмайди ҳам. Чунки, бир неча ўн ёки бир неча юз дона газета тарқатишдан бошқа ҳеч нарсани кўришмаган. Гўёки юз минглаб газета тарқатганлари ҳақидаги гаплар эса ғирт ёлғон.