Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Чимкентда ўзбекистонлик талабалар маҳаллий ёшлар томонидан калтакланаётгани хабар қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги баёнот ҳам берибди. Kun.uz Интернет нашри бир қатор ўзбекистонлик талабаларнинг Чимкентда ҳар қадамда қозоқ йигитларнинг ҳужуми остида қолишаётган, ўзбекистонлик талабаларга “санларни сўямиз” деб таҳдид қилишаётгани ҳақида гапираётганларининг видеоллари қўйилган.
2019 йил 21 сентябрь куни Чимкент шаҳридаги Минтақавий Ижтимоий-Инновацион Университетда Ўзбекистон элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, Чимкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Университет ректори Сандибай Боранбаев, Қозоғистон Халқ Ассамблеяси раиси ўринбосари Шерзод Пўлатов, Қозоғистон Халқ Ассамблеясининг Чимкент шаҳри бўйича раис ўринбосари Мурадали Ҳолмурадов, Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” этномаданий бирлашмалари ассоциацияси раиси Икром Ҳошимжонов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтибди.
Чимкент шаҳрида таълим олаётган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузарларга қонуний чоралар кўриш ва келажакда нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш учун зарур профилактика тадбирларини ўтказиш борасида кўриладиган чоралар муҳокама қилинди, дейилади Ташқи Ишлар Вазирлигимизнинг хабарида.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Элчихонаси ва Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси (Чимкент шаҳри унинг консуллик округига киради) вазиятни назоратга олгани, ТИВнинг топшириғига биноан Бош консулхона вакиллари шаҳарда бўлиб тургани, ҳудуд ва Университет раҳбариятлари, ўзбекистонлик талабалар билан алоқа ўрнатгани, Ўзбекистондан борган талабаларга уларнинг дипломатик ваколатхона ҳимоясида эканлиги тушунтирилган эмиш. Муҳим бўлгани, барча мавжуд муаммолар Чимкент шаҳри маҳаллий ҳокимияти билан биргаликда ҳал қилинармиш.
Қозоғистон раҳбарияти ўзбекларга нисбатан миллатчилик сиёсати олиб бораётгани, у мамлакатда ўзбек мактаблари бекитиб ташланаётгани, Собир Раҳимовни қозоқ деб айтишгача борилаётгани, қозоқлар ўзбекларни Чимкент, Туркистон ва Авлиёота каби тарихий шаҳарларидан сиқиб чиқариш сиёсати олиб бораётганлари ҳақида биз йиллардан бери гапирмоқдамиз. Ўзбекистон раҳабриятида бу муаммога қизиқиш пайдо бўлгани ижобий воқеа каби кўринмоқда. Аммо, ҳозирча, бунга ишониш қийин.
Қозоғистон ўзбеклари уюшишлари, у ерда олиб борилаётган ибтидоий миллатчиликка қарши курашишлари керак.