21 August 2019
21:47 - АҚШ визаси учун ариза берган Ўзбекистонликларнинг неча фоизи рад жавобини олади?
АҚШга виза олиш учун мурожаат қилган Ўзбекистон фуқароларининг ярмидан кўпи рад жавобини олади.

2018 йилда қўшма штатларда вақтинча бўлиш учун рухсат сўраб ариза ёзган ўзбекистонликларнинг 62 фоизига виза берилмаган. Бу – Марказий Осиё давлатлари ичидаги энг юқори, собиқ иттифоқ республикалари орасида иккинчи энг салбий кўрсаткичдир.

Марказий Осиёдан АҚШга ноиммиграциявий виза олиш имконияти қозоғистонликларда энг юқори – ўтган йили Қозоғистон фуқароларининг 39 фоиз аризаси рад этилган:

1. Қозоғистон – 39 фоиз
2. Тожикистон – 54
3. Қирғизистон – 59
4. Туркманистон – 53
5. Ўзбекистон – 62

2018 молия йилида собиқ совет иттифоқи ҳудудидан АҚШга вақтинча бориш учун виза сўровига энг кам Россия ва Латвия (15 фоиздан), энг кўп Грузия ва Ўзбекистон (62 фоиздан) фуқаролари рад жавобини олишган:

1. Россия – 14,89 фоиз
2. Латвия – 15,24
3. Литва – 17,29
...
13. Молдова – 61,1
14. Ўзбекистон – 61,76
15. Грузия – 62,35

АҚШ Давлат департаментининг Консуллик масалалари бюроси сайтида келтирилган ушбу рақамлар B1/B2 визасига оид. Америка визасининг бу тури тадбиркорлик (B1) ёки туризм ва дам олиш (B2) мақсадларида вақтинча қўшма штатлар ҳудудига кириш имконини беради.

Дунё бўйлаб ҳар йили ўртача 6 млн кишига B1/B2 визаси берилади.

Ўтган йили бу турдаги ноиммиграциявий визани Ўзбекистоннинг 7392 нафар фуқароси олган.

АҚШ Давлат департаменти инглиз алифбосидаги «А»дан бошлаб белгиланадиган 20дан ортиқ турдаги (субкатегориялар билан 80дан ортади) ноиммиграциявий виза ишлари билан шуғулланади. Ўзбекистонликлар B1/B2 тоифадан кейин иккинчи энг кўп олган виза тури – J визаси (921 нафар) бўлиб, бу тоифа рухсатнома таълим ва малака ошириш бўйича алмашинув дастурлари доирасида Америкага борадиган фуқароларга берилади.

Ўзбекистон фуқаролари ўтган йили энг кўп олган учинчи ноиммиграциявий виза категорияси – A (543 нафар). Бу турдаги виза давлат расмийлари (элчи, вазир, дипломат ва шу кабилар ҳамда уларнинг хизматчилари) учун мўлжалланган.

Умуман олганда, 2018 йилда Ўзбекистоннинг 9970 нафар фуқаросига АҚШга вақтинчалик виза берилган. // Kun.uz