18 March 2019
22:39 - Миллий Уйғониш кунининг 30 йиллигини нишонлаш эртага эрталаб соат 11 да Мустақиллик Майдонида бошланади

1989 йил 19 март куни “Бирлик” Халқ Ҳаракати тарихда биринчи марта халқни “Ўзбек тили давлат тили бўлсин!” шиори остида митингга олиб чиққан эди. Айнан 19 март Миллий Уйғониш Куни бўлиб тарихга кирди, ўшандан кейин давом этган митинг ва намойишлар натижасида, ўша йили 21 октябрда ўзбек тили давлат тили мақоми олди ва кейинги босқичда СССР парчалаб ташланди, Ўзбекистон бошқа республикалар билан бирга мустақил давлат бўлиб қолди.

Ўша куннинг 30 йиллиги эртага Мустақиллик Майдонида байрам қилинади, байрам расман соат 11 да “Баҳтиёр Она ҳайкали” пойига гул қўйиш билан бошланади. Бу ҳақда 18 февралдаёқ Тошкент шаҳар ҳокимига расмий хабар берилган.

“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Президент Шавкат Мирзиёга мактуб йўллаб, уни ҳам байрам маросимига таклиф қилди. Ҳамма ватандошларимизни ҳам шу байрамга чақирамиз. Эрталаб соат 11 ларда у ерга келинг, айнан ўша ерда, МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИнинг 30 йиллигини байрам қилиш билан бир қаторда, ватан ва миллат олдидаги ҳамма фундаментал муаммоларимизни Шавкат Мирзиё олдига қўйиш, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказишни талаб қилиш мумкин бўлади.

Ўзбек тилини давлат тили қилиш, Ўзбекистонни СССРдан чиқариб олиш талаблари билан "Бирлик" Халқ Ҳаракати 1989 йилда уюштирган намойишлардан бирини расмда кўрмоқдасиз.