Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётгаан тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА туркиялик ишбилармон билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида жанжал чиққанини билдириб, ҳокимнинг тарафини олгандек бўлган. Аммо, замонавий хабарчилик нималигини ҳам билмайдиган ЎзАнинг саводсиз журналистлари бу воқеани таҳлил қилмаганлар ва ўз фикрларини билдирмаганлар. Биз бу ерда ЎзАнинг хабари ва “Ҳаракат”нинг қисқа таҳлилини бермоқдамиз.
ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ АХБОРОТ АГЕНТЛИГИ (ЎзА): Туркиялик ишбилармон эътирозларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасидлари жавоб қайтарди
Аввал хабар берганимиздек, туркиялик инвестор Аҳмет Демир пойтахтимиз марказидаги “Чорсу” меҳмонхонасини реконструкция қилиш ишлари суст бўлишида Тошкент шаҳар ҳокимлигини айблаган эди.
Жумладан инвестор: “... Биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат этгандик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилишини ваъда қилиниб, бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори ҳам чиқди, аммо ўша қарор ҳануз бажарилганича йўқ. Бунинг оқибатида ишимиз сустлашган, энг ёмони, банкдан кредит ололмаяпмиз. Банкка иккита кадастр ҳужжатини кўтариб бориб, кредит сўрасам, “Бизнес-режангизда кўрсатилган мана бу ҳудуднинг ҳужжати қани?” дейишади. “Мутасадди идоралар кейин қилиб берар экан”, дейман. Аммо улар ҳам четдан келмаган, шу юртнинг фуқаролари. Яхши билишадики, “Кейин қилиб берилади”, дегани баъзан “Ҳеч қачон қилиб берилмайди”, деганини англатади”, дейди Аҳмет Демир.
Туркиялик ишбилармоннинг мазкур эътирозларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари жавоб қайтарди:
– Аҳмет Демир Ўзбекистонга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига пойтахтимиз марказидаги “Чорсу” меҳмонхонасини мутлақо текинга олган, – деди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. – Кейинчалик кредит олиш учун Ўзбекистондаги банкларга мурожаат қилган. Яъни, у ташқаридан Ўзбекистонга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмаган”.
Мазкур масалада мутасаддилар юқоридаги маълумотлар билан чекланди, холос.
“ҲАРАКАТ” АГЕНТЛИГИ: Ўзбекистондаги қўғирчоқ ахборот воситалари, Президент Шавкат Мирзиёнинг топшириғини бажариб, чет элдан келаётган инвесторларни ҳеч бир ишонарли фактлар кўрсатмасдан баланд парвоз гаплар билан мақташаётганлари устидан доим кулиб борардик ва тўғри қилардик. Масалан, бир неча ой аввал қайсибир Араб давлатидан келиб, Ўзбекистонда кўплаб меҳмонхоналар қуриб беришга ваъдалар бераётган ўрта миён тадбиркорнинг сохтакорлиги ва Ўзбекистон ҳукуматидагиларнинг саводсизлиги устидан роса кулган эдик.
Мана ҳозир навбатдаги бошқа мисолни кўрмоқдамиз. ЎзА ва “Халқ Сўзи” газетаси (балки, бошқа ОАВлар ҳамдир) Ўзбекистонга катта инвестициялар олиб келаётган туркиялик тадбиркор/инвестор Аҳмет Демир ҳақида ишониш қийин бўлган хабар тарқатибдилар. Бизнинг бирон тараф ёнини олиш, иккинчи тарафга ташланиш ниятимиз йўқ. Чунки, биз учун ҲАҚИҚАТ ҳамма нарсадан улуғ, ҳамма нарсадан муқаддасдир.
Аммо, минг афсуски, ўзбек журналистларида ҳақиқатга интилиш истаги ҳам кўринаётгани йўқ. Демак, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси йиллардан бери айтиб келаётганидек, Ўзбекистонда зудлик билан фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошлаш керак.
Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлис ва Президентни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётиши керак. Бугунги хабар асосида ётган воқеанинг моҳиятидан келиб чиқиб, ОШКОРАЛИК ва СЎЗ ЭРКИНЛИГИ – ҳақиқатга етишиш учун асосий қурол эканлигини эслатмоқчимиз.
Демак, ўзбек журналистлари бу воқеада ҳам ҳақиқатни излашлари керак.