29 January 2019
15:22 - Вой-дод, Президент Шавкат Мирзиё Ўзбекистонни коррупция ботқоғида ўлдирмоқда
Коррупция масалалари билан шуғулланадиган ва коррупция бўйича жаҳон давлатлари бўйлаб тадқиқотлар ўтказадиган машҳур Transparency International ташкилоти 2018 йил натижалари бўйича дунё давлатларининг коррупция даражасини кўрсатувчи рўйхатини эълон қилди. Бу ташкилот энг кам коррупция учун 100 баҳо, энг юксак коррупция учун 0 баҳо беради.

Шундай экан, рўйхатнинг бошида коррупция даражаси паст бўлган мамлакатлар туради. Табиий, улар демократик давлатлардир. 180 мамлакатни ўз ичига олган рўйхатда биринчи 5 талик ва биз учун қизиқ бўлган баъзи давлатларнинг ўрни ва уларга берилган баҳолар қуйидагича:

1. Дания - 88
2. Янги Зеландия - 87
3. Финляндия – 85
4. Сингапур - 85
5. Швеция – 85

20. Япония - 73
22. АҚШ – 71
34. Исроил - 61
41. Гуржистон – 58
58. Саудия Арабистони – 49
78. Ҳиндистон - 41
84. Туркия – 41

106. Арманистон – 35
123. Украина – 32
126. Қозоғистон – 31
143. Россия – 28
132. Қирғизистон – 29

152. Озорбайжон – 25
156. Тожикистон – 25
159. Ўзбекистон – 23
161. Туркманистон - 20
172. Афғонистон – 16
179. Сурия - 13
180. Сомалия - 10

“Ҳаракат” кўп марта таъкидлаганидек, демократик давлатларда коррупция энг паст, диктаторликларда юқоридир. Бу рўйхат бизнинг қанчалик ҳақлигимизни яна бир бор кўрсатиб турибди. Шундай экан, демократияни ривожлантириш йўли билангина коррупцияни камайтириш мумкинлигини тушуниш керак.

Қаранг, Болтиқбўйидан ташқари собиқ Совет республикалари ичида Гуржистон/Грузия энг юқори ўринда, Ўзбекистон охиридан 2-чи, Туркманистон охирги ўринда. Ҳатто Қирғизистон ва Тожикистондан орқадамиз.

Жойи келгани учун эслатиш керакки, 2016 йил натижалари бўйича 156-чи, 2017 йил натижалари бўйича 157-чи ўринда эдик, мана энди 158-чи ўриндамиз. Яъни, Шавкат Мирзиё ҳокимиятга келгандан бери аҳволимиз ёмонлашмоқда, бу рўйхатда пастга тушиб бормоқдамиз. Бу кетишда яқин йилларда охирги ўринга, яъни Сомалиянинг ўрнига тушишимиз муқаррар.

Бундай аҳволга тушмаслик учун, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётганидек, мамлакатимизда фундаментал сиёсий ислоҳотлар ўтказиш керак. Бундай ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлис ва Президентни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётиши шарт.

Маълумки, 1989 йил 19 мартда “Бирлик” Халқ Ҳаракати ўзбекларни тарихда биринчи марта митингга олиб чиқди. Ўшандан кейин ўтказилган митинг ва намойишларда ўзбек тилини давлат тили қилиш, Ўзбекистонни СССРдан чиқариб олиш каби фундаментал талаблар ўртага отилди. Буларнинг натижасида ўзбек тили давлат тили бўлди, Ўзбекистон тамомийла мустақил бўлиб қолди.

Шундай экан, 19 март – МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИ сифатида тарихимизда қолиши ўз-ўзидан маълум. Демак, 2019 йил 19 март куни Мустақиллик Майдонида МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИмизнинг 30 йиллигини умумхалқ байрам сифатида нишонлашимиз керак. Ҳаммани байрамга таклиф қиламиз. Ўша ерда фундаментал муаммоларимизни Шавкат Мирзиё олдига қўямиз.

Харитада коррупция даражаси паст бўлган мамлакатлар оч рангга, коррупция кучли бўлган мамлакатлар тўқ рангга бўялган.