28 January 2019
22:14 - Доналд Трамп бир қатор штатларда Библияни ўқитадиган курслар очилаётганини олқишлади. Мусулмонларга нима?

АҚШнинг Президенти Доналд Трамп Твиттердаги ҳисобида бир қатор штатларда Библияни ўқитадиган курслар очилаётганини олқишлабди.

Бу хабарни биз ўзбекларни қизиқтирадиган битта жиҳати бор.

Маълумки, сўнги йилларда Россия Президенти Владимир Путин Россияда насронийликнинг православ оқимини жамиятдаги ролини оширишга катта эътибор бермоқда. Баъзи машҳур техник университетларда диний кафедралар очилди, унинг ўзи ва Бош вазир Дмитрий Медведев православларнинг бизнинг Ҳайит каби байрамларидаги анъанавий ибодатларда иштирок этиш учун черковларга боришмоқда.

Ҳеч шубҳа йўқки, Путин ва унинг тақими Россияда мусулмонлар ичида ислом фанатизми, экстремизми ва ҳатто терроризмини феълан рағбатлантириаётган Қуръон курсларининг роли ортиб бораётганидан хавотирликка тушиб, бунга қарши ўз динларининг жамиятдаги ролини ошириш билан шуғулланмоқдалар.

Доналд Трампга ҳам шу касаллик юққанга ўхшайди.

Аслида, бутун Ғарбнинг хатоси – ислом терроризмини йўқ қилишнинг ягона йўли Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш кераклигини тушунмаётганидир. Табиий, бундай ислоҳотларни Ислом уламолари ўтказишлари керак, аммо улар бундай буюк ишларга тайёр эмасликларидан келиб чиқиб, Ғарб уларга ёрдам бериши керак.

Бу осон масала эмас. Аммо, уни ечиш билан бутун одамзод жиддий равишда шуғулланиши шарт.