20 December 2018
17:12 - Ҳар доимгидек “Ҳаракат” ҳақ чиқди: Алишер Усмонов Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи эмас. Ўзбеклар, ғафлат уйқусидан уйғонинг!

Асли ўзбек бўлган Россия миллиардери Алишер Усмонов Forbes журналининг руслар чиқарадиган нашрига интервью берибди ва айнан шундай дебди: “Мен Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам бизнес билан шуғулланишни истамайман. Ҳозир 80 фоиз вақтим Халқаро Қиличбозлик Федерацияси билан шуғулланишга кетмоқда, 9 декабрь куни биз 105 ёшга кирамиз. Парижда, яъни Федерация ташкил этилган шаҳарда юбилей муносабати билан тадбирлар ўтказамиз.”

Кўриниб турибдики, Алишер Усмонов қиличбозлик федерациясида ишлари кўплигини баҳона қилиб, Ўзбекистонга ҳеч қандай инвестиция киритиш нияти йўқлигини айтмоқда. Аммо, ҳар қандай ақли бор одам тушунадики, Алишер Усмонов Ўзбекистон президентини ўз интервьюсида очиқча танқид қилмаган бўлса ҳам, аслида, Шавкат Мирзиё Ўзбекистонни ривожлантириш йўлида биронта иш қилолишига ишонмаяпти ҳам. Унинг “Ўзбекистон халқи доно, мен эса қўлимдан келганича унга ёрдам бераман” сўзлари эса, хўжа кўрсинга айтилган. Нима ҳам дердик, бечора Шавкат Мирзиё, бечора Ўзбекистон деймиз!

Шундай экан, аввалари ҳам кўп марта айтган гапларимизни такрорлаймиз. Эй, ўзбеклар! Кўзингизни очинг, бунақа президент, бундай тожиклар режими билан келажагимиз йўқ. Майдонларга чиқиб, Шавкат Мирзиёдан ва унинг тожиклар режимидан ватанимизда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни, хабарчи/журналистлардан бўлаётган воқеаларни объектив ёритишни талаб қиладиган вақт келиб бўлди.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, демократик мухолифат билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Ҳурматли ўқувчиларимиз! Бундай таҳлилий хабаримизга жиддий эътибор беринг. Бу хабарга ва умуман бу саҳифага "ёқтириш" (лайк) белгиси қўйиш билан ватанимзнинг келажаги ҳақида ўйлаётганингизни кўрсатинг.