“Ҳаракат” Агентлиги 2017 йил 11 майда “Ўзбекларни бундай воқеалар қизиқтирмайди, аммо қизиқтириши керак: 1942 йили Голландияда 101 ўзбек фашистлар тарафидан ваҳшийларча ўлдирилган” сарлавҳали хабар тарқатган ва бу воқеанинг даҳшатли тафсилотларини голландиялик журналист Ремко Рейдингга асосланиб билдирган эди.
2017 йил 4 августда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёга бу даҳшатли воқеа хусусида махсус хат ёзиб, уни шундай тугатган эди:
“Ўзбек халқи ва унинг номини олган Ўзбекистон давлатининг расмийлари бундай хабарга бефарқ қолмасликлари кераклиги шубҳасиздир. Аммо, ҳозирча на ўзбеклар, на давлат расмийлари бу воқеа билан яқиндан қизиқаётганлари кўринмаяпти.
Сиздан илтимос қиламан, бу масала билан шуғулланадиган махсус комиссия туздиринг. Бу комиссия 101 нафар миллатдошимизнинг ҳокини Голландиядан олиб келиб, Ўзбекистонда тупроққа берилиши ва уларнинг исми-шарифларини аниқлаш устида ишлаши керак. Бу иш иложи борича тезроқ қилиниши лозим. Акс ҳолда, “ўзбеклар миллат сифатини йўқотиб бўлганлари” ҳақидаги иддаолар тўғри эканга ўхшаб қолади.
Ҳеч шубҳа йўқки, “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг саъй-ҳаракатлари билан ЎЗБЕК миллат сифатини тиклайди, 75 йил аввал Голландияда немис фашистлари ваҳшийларча ўлдирган 101 нафар, 7 йил аввал Қирғизистонда қирғиз фашистлари ваҳшийларча ўлдирган 300 нафар миллатдошимизнинг тақдири ва бошқа шу каби миллатнинг бугунги аҳволини ўзида акс эттирувчи воқеаларга жиддий эътибор бермаётган ЎЗБЕК давлати раҳбарларига ўз баҳосини беради.”
Бу мактубнинг тўла матни “Ҳаракат”нинг сайтида эълон қилинган - http://harakat.net/news/?id=20971
Шавкат Мирзиё бу хатга жавоб ҳам бермади, бу воқеа билан ҳеч ким шуғулланмади. Аммо, 2018 йил 11 апрелда ЎзА ўзининг Интернет саҳифасида Нуриддин Бобақандовнинг “Фашистлар 101 нафар ўзбекни Амерсфорт дўзахи азобига маҳкум қилган” номли мақоласини эълон қилди. Бу мақолада асосан бизнинг хабардаги маълумотлар қайтарилади, аммо “Ҳаракат” бу ҳақда ўтган йили хабар бергани ва Абдураҳим Пўлат Шавкат Мирзиёга хат ҳам ёзгани ва бу масала билан Ўзбекистон ҳукумати шуғулланиши шартлиги умуман гапирилмайди.
Бугун эса, яна ўша ЎзА голландиялик тадқиқотчи Ремко Рейдинг Самарқандга келиб, вилоят архив идоралари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашгани ва 101 нафар жангчи ҳақида маълумот тўплаш юзасидан фикрлашиб олганини хабар қилди. Бу хусусда Ремко Рейдинг шундай дбди: “18-34 ёш оралиғида бўлган бу ўзбек аскарлари 1941 йилнинг 10 июлида Смоленск яқинида асир олинган, – дейди Р.Рейдинг. – 27 сентябрда Голландияга, Амерсфортга келтирилган. Улар 1942 йил 9 апрель тонгида концлагер яқинидаги ўрмонга олиб чиқиб, отиб ташланган. 101 нафар ўзбек йигити ўзининг мардлиги ва жасорати билан голландияликлар қалбидан жой олганки, ҳозиргача Амерсфорт шаҳри яқинидаги ўрмонда ҳар баҳор юзлаб голландлар тўпланишади, 9 апрель - тонг саҳар ўрмонда 101 та шам ёқишади. Ҳозирда бу аскарлар қатл этилган ўша жойда махсус ёдгорлик – “Monument Koedriest” ўрнатилган.”
Хабарда айтилишича, бу воқеа ҳақида кино яратиш, аммо кино яратишдан аввал аскарларнинг айримлари ҳақида Самарқанд вилоятидаги архив идораларидан маълумотлар олиш ва уларни имкон қадар кинода акс эттириш бўйича келишилибди.
“Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги ЎзАнинг бу хабарини, Ремко Рейдинг Ўзбекистон расмийлари тарафидан мамлакатимизга таклиф қилингани ва бу хабарда тилга олинаётган даҳшатли воқеаларни ёритувчи кино олиш режасини олқишлайди ва тўла қўллаб қувватлайди.
Вақти келади, ўзбек халқи 101 нафар ўзбекнинг немис фашистлари тарафидан Голландияда вҳшийларча ўлдирилиши ва бунинг атрофида бўлаётган воқеаларни тўла ўрганади. Ва, ҳеч шубҳа йўки, бу даҳшатли воқеа ҳақида биринчи бўлиб Ўзбекистонда хабар тарқатган “Бирлик” ва “Ҳаракат”га эътибор берилмаётганига ўз баҳосини беради.
Бу хабарга қўйилган расм “Ҳаракат” сайтида 2017 йил 11 майда эълон қилинган хабардан олинган.