20 September 2018
01:37 - Ҳиндистон хато йўлда: Мусулмонча “уч-талоқ” билан хотиндан ажралиш Ҳиндистонда тақиқланди. “Ҳаракат”: Бу фойдасиз, Ислом дини фундаментал ислоҳотларга муҳтож

Русларнинг “Новости” Агентлиги Ҳиндистонда инглиз тилида ҳам хабар тарқатадиган Times of India нашрига асосланиб билдиришича, Ҳиндистон ҳукумати мусулмон эркакларга уч марта “талоқ” дейиш билан ўз хотинидан ажралишни тақиқлаовчи Фармон чиқарибди. Маълумки, ҳозир Ислом динида қабул қилинган тушунчаларга кўра, эркак ўз хотинига бир неча кишининг гувоҳлигида 3 марта “талоқ” деса, у хотинидан ажраган бўлади.

Ислом уламоларининг уч-талоқлик ҳақидаги таҳлиллари шунчалик пала-партишки, бундай йўл билан оиланинг бузилиши, эр-хотин учун, айниқса, хотин учун, чексиз муаммолар чиқаради. Шуларни ҳам ҳисобга олган Ҳиндистон Олий Суди бундай ажралиш усули мамлакат Конституциясининг фуқаролар тенглини белгиловчи 14-чи моддасига қарши эканлигидан келиб чиқиб, бундай ажралиш усулини ноқонуний деб эълон қилган экан.

Адлия вазири Шанкар Прасаднинг айтишича, Олий Суднинг бу қароридан кейин ҳам уч-талоқли ажралиш эски тартибда давом этаверган. Мамлакат парламентиада уч-талоқлик ажралишни тақиқловчи қонун чиқариш учун ҳам уриниш бўлибди. Аммо, қонун парламентнинг қуйи палатасидан ўтса ҳам, юқори палатасидан ўтолмабди.

Шундан кейин ҳукумат уч-талоқлик ажралишни тақиқловчи Фармон чиқарибди. Бу Фармон талабини бузувчилар 3 йилгача озодликдан маҳрум этилишилари мумкин. Аммо, дейди мухбиримиз, ҳукуматнинг фармони қонун эмас. Демак, тахмин қилиш мумкинки, бу фармон ҳам катта ўзгаришлар қилолмайди. Расмда кўраётганингиздек, Ҳиндистоннинг мусулмон аёллари уч-талоқликка қарши намойишлар ҳам ўтказишмоқда. Расмда плакатларда “уч-талоқлик – касал одат” маъносидаги сўзлар ҳам бор.

Уч-талоқлик одатига салбий қараш кучайиб бораётгани тушунарли, аммо бу муаммони қандай ҳал қилишни шу пайтгача ҳеч ким билмасди. “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” агентлиги Ислом динидаги бу каби кўплаб муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, Қуръонни ўрта асрлардан ҳам аввал қилинган хато тафсиридан келиб чиқувчи Ислом динидаги хато тушунчилардан тозаланиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Айнан шундай қилинсагина, нафақат уч-талоқлик атрофидаги муаммолар, муҳим бўлгани, ислом терроризми ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлади.