13 September 2018
14:42 - Сенсация эмас: Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларни яна ярим йилга узайтирди, улар Ўзбекистонни ҳам уради
Европа Иттифоқи ҳукумати ролини бажарадиган Европа Кенгашининг расмий сайтида (consilium.europa.eu/en) эълон қилинган прес-релизда айтилишича, Россиянинг Қримга нисбатан босқинчлиги туфайли киритилган санкцияларнинг муддати ярим йилга, яъни 2019 йил 15 мартгача узайтирилди. Бу сенсация ҳам эмас, ЕИ шундай қилиши аввалдан маълум эди.

Маълумки, санкциялар Россия 2014 йили Қримни босиб олгандан кейин Россиянинг бир қатор ташкилотлари ва жисмоний шахсларига қарши киритилган бўлиб, уларнинг сони мунтазам орттирилмоқда. Бугун санкциялар остида 44 ташкилот ва 155 жисмоний шахс борлиги Европа Кенгашининг прес-релизида алоҳида урғуланган.

Эслатиб ўтамиз, санкциялар остида Россия иқтисодиёти чўкишни давом эттирмоқда, жаҳон бозорида нефтнинг нархи ортиб боришига қарамасда, рублнинг курси тушиб бормоқда. ЕИга крувчи давлатларнинг раҳбарлари Буюкбританида собиқ Россия разведкачиси Сергей Скрипаль, унинг 33 ёшли қизи ва бир қатор буюкбританияликларни нерв-паралитик газ билан заҳарлашда айбланаётган русларга қарши янги санкцилар киритиш кераклиги ҳақида гапирмоқдалар. Демак, яқин орада шундай қилинади.

Нима ҳам дердик, “Бечора Россия!” дейишимиз керак. Аммо, Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи Россияда ишлаётган миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг ўз оилаларига юбораётган пуллари билан оёқда турганини ҳисобга олиб, “Бечора Россия ва бечора Ўзбекистон!” дейишга мажбурмиз.