“Ҳаракат” хатқутисидан: Ўзбекистон ислом оламининг ўзига яраша мавқеига эга бўлган давлатлардан саналади. Ушбу диёрдан етишиб чиққан не-не олимлар олам аҳлига илм зиёсини сочмоқда. Сўнги йилларда Президент томонидан Ислом динига катта эътибор берилиб, динни ўрганиш учун барча қулайликлар яратилмоқда. Лекин шундай инсонлар борки, улар юртимиз аҳлига мукаммал диний таълимот тарқатиш ўрнига исломнинг соф ақидаларига тўғри келмайдиган мазмундаги маърузаларга ундамоқда.
Мана шундай шахслардан бири “Шайх Зайниддин” масжиди бош имом ҳатиби Одилхон Исмоиловдир. Нақадар аламли-а? Тошкентдаги машҳур ва меҳмонлар эътиборини тортган масжид имом ҳатиби шундай ишлар қилаётгани одамнинг кўнглини хира қилади. Инсонларни яхши амал қилишга чақириш, чин қалбдан динни юксалтириш йўлида фаолият олиб бориш, халқимизга ўрнак бўлиш ўрнига у “зот” кўз кўриб, қулоқ ишонмас ишлар билан машғул.
Исмоилов ҳақида гап юритадиган бўлсак, у кишини кўпчилик дин пешвоси эмас, балки бизнесмен сифатида ҳам билишади. Мақолам “қахрамони”нинг “Бахо шакарчи” каби тадбиркор ва бир қатор “криминал авторитет”лар билан “апоқ-чапоқ” бўлиб юриши бунга яққол мисолдир. Бойваччаларнинг имом билан нима иши бор? – деган савол туғулади. Бу аслида ўринли савол! Гунох иш қилаётган бундай қўштирноқ ичидаги тадбиркор ва “авторитет”лар одатда гунохларига тавба қилаётганини ҳаммага кўрсатиш учун ана шундай пулни севадиган муллалар атрофида гирди капалак бўлишади. Гўёки масжид домласи бизнесларига ёрдам берса гунохлари ювилиб қоладигандек.
Бугунги кунда терроризм, диний экстремизм авж олиб бораётган бир даврда Тошкент шаҳрининг кўзга кўринган имом хатиби ёшларни ана шундай иллатлардан қайтариш, Ислом динининг асл негизини ўргатиш ўрнига чўнтагига жарақ-жарақ пулларни олиб келаётган бизнесини, ўнталаб хотинга уйланиб, фарзандларини чет элларда ўқитишни ўйласа. Айтинг-чи агар бу каби муллалар ёшларимизга Ислом динидан сабоқ бермаса, уларни нотўғри йўлга кириб кетишини олдини олмаса ким қилади бу ишларни.
Тўғри орангизда Одилхон Исмоиловнинг маърузаларини эшитган ва унга мухлислик қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Лекин айтингчи домланинг бирон маърузасида “эй одамлар кўзингизни очинг Интернетда, ижтимоий тармоқларда ҳар-хил ғараз ниятли одамлар бор, улар Ислом динини ўргатаман деб, ҳар-хил радикал оқимлар ғояларини ўргатади, эҳтиёт бўлинглар”-деган сўзларини эслай оласизми.
Имом ўзининг одоби, аҳлоқи, илми, маърузаларининг таъсирчанлиги, инсонларни ўзининг орқасида эргаштира олиши билан намуна бўлиши керак, эмасми? Эсингизда бўлса айни муборак Рамазон ойида Одилхон қори ёш болаларни масжидга чиқишига ҳечқандай тўсқинлиқ йўқлигини айтиб, эртасига гапини қайтиб олган эди. Бу нима деган гап?! Халқ бундай имомларга қандай ишонади, қандай қилиб унинг ортидан эргашади. Одилхон қори-ми? у тутуриқсиз илми йўқ домла демайдими.
Мен ўз билган, эшитганларимни ёритдим холос, хулоса қилиш сизга ҳавола. Мени дардим бизнес қилиб пул топиш, данғиллама уйлар қуриб ўнлаб “маликалари” билан шохона ҳаёт кечириш мақсадида юрган Одилхон Исмоилов каби имомлар масжидларда одамларга панд-насиҳат қилмасинлар. Ёки бизнес қилсин, ёки имомлик қилсин.
Абдулазиз Шарифхонов
“Ҳаракат”: Ҳурматли Абдулазиз Шарифхонов, бизга юборган хатингиз учун раҳмат. Тўғрисини айтсак, Одилхон Исмоиловга у имом хатиблик қилаётган масжидга борадиганлар баҳо беришлари керак. Балки, имом хатибларни демократик йўл билан мусулмонлар сайлайдиган замон келаётгандир.
Нима бўлганда ҳам, Сизнинг хатингиз баҳонасида Ислом дини ва Ислом дунёсининг аҳволи ҳақидаги кўп марта айтилган фикримизни яна бир марта такрорламоқчимиз.
Маълумки, ҳозир Ислом дунёси жаҳоннинг энг қолоқ ва қашшоқ қисми. Биз буни кўп йиллардан бери айтиб келмоқдамиз. Аммо, ўтган йили Остонада ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити қабул қилган Декларациянинг бир жумладан иборат 7-чи моддаси бизнинг фикримизни тан олди: "Ислом жамиятини қолоқлик ва қашшоқликдан, ақли-идрокий қашшоқлик ҳам шунинг ичида, қутқариш керак". Бу Декларацияни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё ҳам имзолаган.
Бу аҳволдан чиқишни ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секеуляризм принципини тан олишига эриш эканлигини ҳам биз биринчи бўлиб гапиришга бошладик. “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси ва ҳамма мусулмонларга 2018 йил 2 март куни Очиқ Хат ҳам йўллаган эди.
Ҳеч бир мулла бу хатга муносабат ҳам билдиргани йўқ. Чунки, мулларнинг ҳаммаси, худди Сиз айтаётган Одилхон Исмоилов каби "пулни севадиган муллалар"дир. Имконингиз бўлса, ўша муллага бу ҳақда савол беринг. Кўрамиз, у нима дейди.