Доналд Трамп Россия ва унинг президенти билан алоқаларни яхшилаш ниятида эканлигини 2016 йилнинг бошида, яъни АҚШда президент сайловлари мусобоқаси бошланган кунлардаёқ эълон қилган эди. Унинг бу баёноти АҚШ оммавий ахборт воситалари ва сиёсий элитаси тарафидан ўта салбий қабул қилинди. Аммо, улар Доналд Трампга қарши Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлашларига қарамасдан, 2016 йил 8 ноябрда ўтказилган сайловларда, ҳаммадан аввал “Ҳаракат” башорат қилганидек, айнан Доналд Трамп ғалаба қозонди.
Алам ичида қолган сиёсий элита ва оммавий ахборот воситалари ўшандан бери Доналд Трамп Россиянинг ноқонуний ёрдамида ғалаба қозонганини айтмоқдалар, мамлакатнинг тегишли органлари текширувлар ҳам бошладилар, аммо сал кам 2 йилдан бери бу иддаоларни исботлашга хизмат қиладиган битта ҳам пичоққа илинадиган факт тополмаяптилар.
Мана сал кам 2 йилдан бери Доналд Трамп Қримни босиб олган Россияга қарши аввалги президент Барака Обама киритган санкцияларни Конгресснинг талаблари билан кўпайтиришга мажбур бўлиб яшамоқда. Айни замонда, у ҳар доим Россия ва Владимир Путин билан алоқларни яхшилаш ва ўзи Путин билан учрашиши кераклигини гапириб келарди. У бу йил Шимолий Корея диктатори билан Конгресснинг қаршилигига қарамасдан учрашганидан кейин, Путин билан учрашишга очиқча тайёрланишга ўтди.
Бугун у ниҳоят ўзнинг тушуниб бўлмас орзусига эришди ва маҳаллий вақт билан кечқурун Финландиянинг пойтахти Хельсинкида Владимир Путин билан расмий учрашув ўтказди. Бир неча соат аввал икки президентнинг аввал 2 соатлик бошга-бош, кейин икки тарафдан яна 2-3 кишининг иштирокида ўтказилган учрашувларидан кейин, икки президент қўшма матбуот конференцияси ҳам ўтказдилар. Бу ерда иккала президентга асосан ўта провокацион руҳдаги саволлар берилди. Улар провокациялар тузоғига тушмадилар ва умумий гаплардан иборат жавоблар бериш билан чекландилар. Уларнинг иккаласи ҳам учрашув яхши ва фойдали бўлганини урғуладилар.
АҚШнинг кўзга кўринган сиёсатчилари Доналд Трампнинг бу учрашувини ўта ёмон сўзлар билан баҳолашга бошладилар. Уни сотиқинликда, АҚШ обрўсини бир пул қилишда айблаётганлар ҳам бор.
Аммо, ҳамма биладики, АҚШ Президентиниинг диктаторлик ваколатлари йўқ ва у истаса истамаса мамлакат ичидаги бошқа кучларнинг фикрини ҳисобга олиб иш олиб боришга мажбур. Демак, Россияга қарши санкциялар ортса ортадику, бироқ, камаймайди. Вақти келгани учун эслатиш керак, Европа Итифоқи Россияга қарши киритилган ва муддати 31 июлда битаётган санкциларнинг муддатини 2019 йил 31 январгача узайтирди.