17 June 2018
06:11 - Ёлғонлар ичида ўлимга кетмоқдамиз: Бир араб шайхи Ўзбекистонга миллиардлаб доллар киритиб, ўнлаб отеллар қурармиш, ипак ва пахтадан тайёр либослар чиқарармиш. У ким ўзи?
Ёлғончиликни касб қилиб олган ЎзА шу йил 13 июнда “Араб шайхи Ўзбекистонга миллиардлаб доллар миқдорида сармоя киритмоқчи” сарлавҳали хабар эълон қилди. Унда айтилишича, дунёдаги энг йирик компаниялардан бири - “Ajlan&Bros Group” юртимизда ўнлаб беш юлдузли меҳмонхоналар қурармиш, ипак ва пахта етиштиришдан бошлаб, уларни тайёр либослар даражасига олиб чиқадиган корхоналар мажмуаси (кластер) яратармиш.

“Ajlan&Bros Group” компаниясининг раҳбари Шейх Ажлан Бин Абдулазиз шу кунларда Ўзбекистонда бўлибди, Самарқанд, Бухоро, Андижон вилоятларида бўлиб, ҳокимлар билан, сўнгра “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раҳбарлари билан учрашибди. Хабарда унинг қуйидаги сўзлари келтирилади:

«Мамлакатингиз менга жуда ёқди. Мамлакатингизнинг табиати ажойиб, инсонлари ҳам очиқкўнгил, меҳмондўст экан. Уч кунда шунча учрашувлар ўтказдим, Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий шароитларни ўрганиб, ҳамкорлик қилишга аҳд қилдим.

Ана шу ҳамкорлик доирасида камида учта лойиҳани амалга оширишни истайман. Бунинг учун дастлаб, 2 миллиард доллар сармоя киритмоқчиман. Биз пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарганимиз учун, энг аввало, Бухоро ва Андижонда 70 минг гектардан майдонда пахта етиштириб, тизимда кластер қилмоқчимиз.

Хусусан, яқин ойларда 100 миллион доллар миқдоридаги инвестиция киритиб, Бухоро, Андижон, Самарқанд вилоятларида пахта етиштириб, толадан мато, ундан эса тайёр либослар ишлаб чиқарамиз. Бу лойиҳани бажарсак, юртингизда етти мингта иш ўрни яратилади.»

Қаранг, дейди, “Ҳаракат”нинг мухбири, Ўзбекистонимизга қандай улуғ чет эллик миллиардер келиб, буюк ишлар қилиб, бизга ёрдам бермоқчи. У яқин ойларда, эътибор беринг, яқин йилларда эмас, яқин ойларда 100 миллион долларлик инвестиция киритмоқчи. Ваҳолангки, Россияда бизнес қилаётган ўзбек миллардерлари Алишер Усмонов (бойлиги 15 миллиард доллардан кўп) ва Искандар Маҳмудов (бойлиги 6,5 миллиард доллар) ваъдаларини бажармай, ҳали Ўзбекистонга инвестиция киритганлари йўқ.

Шундай экан, хўш, Шейх Ажлан Бин Абдулазиз ким ўзи деган савол туғилиши табиийдир. Интернетга кириб Шейх Ажлан Бин Абдулазиз ва “Ajlan&Bros Group” компанияси ҳақида маълумотларни кўрсангиз, ақлдан озасиз.



Шейх Ажлан Бин Абдулазиз арабларнинг ўзи тузган The World's 50 Richest Arabs 2016
(Дунёнинг энг бой 50 нафар араби 2016) рўхатида 39-чи ўринда туради ва бойлиги 2,2 миллиард доллар эканлиги айтилади. Аммо, дунё бойларининг рўйхатини тузиши билан танилган ва бутун дунё тарафидан тан олинган Форбес журнали эълон қилган The World’s Richest Arabs 2017 (Дунёнинг бой араблари 2017) рўхатида Шейх Ажлан Бин Абдулазиз умуман йўқ. Айтиш керакки, бу рўйхатда 41 киши бор. Уларнинг фақатгина 19 нафарининг бойлиги 2 миллард доллардан кўп.

Нима, 2016 йили Шейх Ажлан Бин Абдулазизнинг бойлиги 2 миллиард доллардан кўп эди, энди 1 миллиарддан ҳам камайиб қолдими, ёки арабларнинг ўзи тузган рўйхат ёлғондан иборатми?

Хўш, давом этайлик, Шейх Ажлан Бин Абдулазизнинг “Ajlan&Bros Group” компанияси қанақа? Википедияда айтилишича, бу компания Саудия Арабистони ва Форс Кўрфази атрорфидаги мамлакатларда классик эркак кийими, тайёр кийимлар ва қишки кийимлар ишлаб чиқаради, у 1979 йилда ташкил этилган, бош офиси Эр Риёдда. Саудия Арабистони атрофидаги давлатларда 45 та филиали ва 200 та сотиш марказлари бор. Бу компанияда 9 минг иш ери бор.

Энг қизиғи, бу компаниянинг куч-қувватини кўрсатдаиган биронта рақам ёки маълумот берилмаган. Масалан, Википедияда Алишер Усмоновнинг “Металлоинвест” компаниясининг капитали 5 миллиард доллар эканлиги айтилган.

Хуллас, кўриниб турибдики, ЎзАнинг Араб шайхи Ўзбекистонга миллиардлаб доллар миқдорида сармоя киритмоқчи эканлиги, унинг компанияси дунёнинг йирикларидан эканлиги, у юртимизда ўнлаб беш юлдузли меҳмонхоналар қурмоқчи эканлиги ҳақидаги гаплари ва Шейх Ажлан Бин Абдулазизнинг Ўзбекистонга 2 миллиард доллар сармоя киритмоқчи эканлиги, 7 мингта иш ери яратилиши ҳақидаги гаплари ҳақиқатга асосланмаган ва ёлғондан бошқа нарса эмас.

Наҳотки, Шавкат Мирзиёнинг тақими, қўғирчоқ ахборот воситалари ҳам шу тақимга киради, шундай ёлғонлар билан иқтисодиётининг кучи, яъни Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми билан Ғарб мамлакатларини қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистондан 10 баравар орқада қолган Ўзбекистонимизни фаровон давлатга айлантирмоқчими? Шунга ишонадиган аҳмоқлар борми?

Нима қилиш кераклигини “Бирлик” Партияси айтиб бўлди. Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказилиши керак. Сиёсий ислоҳотларнинг марказида Ўзбекистонни демократиялаштириш, ҳақиқий кўп партияликка асосланган ҳақииқий Олий Мажлис яратиш ғоялари, иқтисодий ислоҳотларнинг марказида тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратилишига йўл бериш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ғоялари ётади. Ўзбек миллати майдонларга чиқиб шу талабларни қўллаб-қувватлаши керак. Акс ҳолда Ўзбекистон ўлади.

Юқоридаги расмда - Шейх Ажлан Бин Абдулазиз “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раҳбарлари билан учрашмоқда. Унинг иккинчи расми арабларнинг “Дунёнинг энг бой 50 нафар араби 2016” рўйхатидан олинган.