Қозоқларнинг расмий давлат ахборот агентлиги “Казинформ” хабар қилишича, кеча Чимкент вилоятининг (расмий номи Жанубий Қозоғистон вилояти) Ўзбекистон билан чегарасига яқин жойдаги Сариоғоч шаҳарчасида Қозоғистон Сенатининг Дарига Назарбой раислигидаги Халқаро Алоқалар, Мудофаа ва Хавфсизлик Комитети аъзолари Ўзбекистон Сенатининг Алишер Қурмон раислигидаги Халқаро ва Ташқи-иқтисодий Алоқалар ҳамда Туризм Комитети аъзолари билан учрашув ўтказдилар. Икки мамлакат сенаторлари божхона ишларини такомиллаштириш, савдо алоқаларини кўпайтириш ва туризмни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилибдилар.
Дарига Назарбой ўзбек сенаторларига шундай таклиф ҳам берибди: “Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида туризмни ривожлантиришдан ташқари, узоқ чет эллардан келадиган туристларга Марказий Осиёнинг диққатга сазовор ҳамма жойларини кўриш имконияти бериш учун умумий виза киритиш керак. Яъни, Шенген визасига ўхшаган Ипак визаси киритишимиз лозим.”
Хабарда ўзбек сенаторларининг бу таклифга қандай муносабатда бўлганлари айтилмайди. Аммо, жойи келгани учун баъзи нарсаларни эслашдан фойда бор.
Аввал “Бирлик” Халқ Ҳаракати номи билан танилган “Бирлик” Партиясининг лидери Абдураҳим Пўлат ўтган асрнинг 90-чи йиллари ўртасида Туркияда турк тилида эълон қилган мақоласида ҳозирги Марказий Осиё, Уйғуристон ва Шимолий Афғонистонни ўз ичига оладиган қадимий Туркистонда Европа Иттифоқига ўхшаш Туркистон Иттифоқи ёки Туркистон Бирлиги яратиш лозимлигини тарихда биринчи марта тилга олган эди. Биринчи қадам сифатида ҳозирча Марказий Осиёдаги давлатларни бирлаштирувчи Туркистон Бирлиги яратилса, Туркистон визаси яратиш осонлашади.
Аммо, бу иш осон эмас. Ҳозир Марказий Осиё давлатлари ичида ечилмаган муаммолар бор. Қирғизистон ҳалигача 2010 йили ўзбекларни қирғин қилган қирғиз фашизмини жазоламади, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикстонда ўзбекларни ўз тарихий ерларидан сиқиб чиқариш сиёсати ишламоқда. Аввалмбор бу муаммолар ҳал этилиши лозим. Акс ҳолда Туркистон Бирлигидан аввал ички Туркистон уруши бошланиши муқаррар.
Лекин, ҳозироқ Дарига Назарбойнинг чет эллик туристлар учун умумий Марказий Осиё визаси бериш таклифи қабул қилинса ёмон бўлмайди.
Расмда кимлар борлиги “Казинформ”нинг хабарида айтилмайди. Аммо, марказдаги аёл Дарига Назарбой, ўнг тарафдаги кўзойнакли одам Алишер Қурмон эканлигини тахмин қилиш қийин эмас.