Бироз аввал Тошкентда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Марказий Бошқарувининг фавқулодда мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда 22 киши қатнашди. Кун тартибидаги ягона масала - яқинда кутилмаганда оламдан ўтган Жамият раисаси Васила Иноятнинг ўрнига вақтинча раис тайинлаш эди. Шу пайтгача раис ўринбосари бўлган Абдураҳмон Ташанов якдиллик билан раис вазифасини вақтинча бажарувчи этиб сайланди. Бу ҳақда тафсилотли хабар тезда берилади.
“Эзгулик” Жамияти Марказий Бошқаруви аъзолари ичида “Бирлик” Партияси фаоллари ҳам борлиги туфайли, вақтдан фойлаланган бирликчилар ўз йиғилишларини ҳам ўтказиб олдилар. Йиғишлишда ҳозир мажбуран АҚШда яшаётган партия раиси Абдураҳим Пўлат телефон орқали қатнашди.
Йиғилиш қатнашчилари “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг шу йил 17 март куни Тошкентда ўтказилган мажлисида қабул қилинган қарорларни амалга ошириш учун қилинадиган ишларни маслаҳатлашдилар.
Адлия Вазирлигинг айби билан тўхтаб қолган “Бирлик” Партиясини расман рўйхатдан олиш жараёнини қайтадан жонлантириш, партиянинг Тошкент шаҳар ва минтақавий йиғилишларни ўтказиш, Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни пайсалга солаётган Президент Шавкат Мирзиёга имкон даражасида таъсир кўрсатиш, керак бўлса, “Бирлик”ни тезроқ рўйхатга олиш, Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни тезроқ бошлаш талаблари билан митинглар ва намойишлар ташкил қилиш хусусида келишилди.
“Бирлик”нинг йиғилишида партия раиси Абдураҳим Пўлат (телефон орқали), раис ўринбосарлари Дайнов Ташанов, Ҳамдам Сулаймон, Холиқназар Ғани (телефон орқали), Тошкент шаҳар, Фарғона, Андижон, Сирдарё ва Сурхандарё вилоятлари ташкилотларининг раислари Ҳайит Абдулла, Адҳам Муҳиддин, Мусажон Бобожон, Исроил Риза ва Абдуҳаким Пўлат, Қашқадарёдан Зулфиқор Мирзақул, Андижондан Дилмурод Муҳиддин, Самарқанддан Саидкарим Наби ва бошқалар (ҳаммаси бўлиб 18 киши) қатнашди. Меҳмон сифатида “Эрк” Партиясининг вакили Исроилжон Холдор ҳам бор эди.