Ҳа, Reuters Агентлиги кеча тарқатган хабарнинг сарлавҳаси айнан шундай. Хавф деганда, табиий, ислом террористларидан, ҳозирги даврда, ўзини Исломий Давлат деб айтаётган ИШИДчилардан келаётган хавфлар назарда тутилмоқда.
Аслида, дейди мухбиримиз, Исо Пайғамбарнинг туғилиши билан боғлиқ хавфлар бугун пайдо бўлмади. Шу муносабат билан, тарихни ўта қисқа шаклда эслашдан фойда бор. Аммо, булар ҳаммаси ривоятлар эканлигини ҳам унутмайлик.
Маълумки, Исо Пайғамбарнинг туғилган куни мутлақо кўпчилик давлатларда тан олинган Григориан календари бўйича 25 декабрда ниошонланади. Аммо, насронийликнинг баъзи оқимлари бу календарни тан олмаганлар ва Исо Пайғамбарнинг туғилган кунини Юлиан календарининг 25 декабрида, яъни жорийдаги канлендарнинг 5 январида нишонлайдилар. Руслар ҳам ичида бўлган насронийликнинг православлар оқими ҳам.
Хуллас, 2017 йил аввал 25 декабрда Исо Пайғамбар ҳозир Филистин давлатида бўлган Вифлеем шаҳрида туғилди. Ўша пайтда бу шаҳар Рим Империясига кирарди ва айнан ўша даврда Рим Императори Октавиан Августнинг қарори билан аҳолини рўйхатдан ўтказиш жараёни кетаётганди. Императорнинг қарорига кўра, ҳар бир одам ўз шаҳрида, ҳозирги тушунчаларга кўра, “прописка” қилинган жойида рўйхатдан ўтиши керак эди. Исо Пайғамбарнинг онаси Биби Мариям ва унинг эри Иосиф рўйхатдан ўтиш учун ўз “жойлари” Вифлеем шаҳрига келдилар ва турадиган жойлари бўлмагани учун бир ғорда тўхтадилар.
Айнан шу ғорда Биби Мариям ўз эридан эмас, Худо юборган муқаддас руҳдан ҳомила бўлиш натижасидаги Исони туғди ва бошқа жой бўлмагани сабабли, чақалоқни ғор ичидаги уй ҳайвонлари овқат ейдиган, “ясли” деб аталадиган жойга ётқизди. Ҳозир бу ғор ва ўша “ясли” насронийларнинг Қуддусдан кейинги 2-чи муқаддас жойи ҳисобланади. Русларнинг “болалар яслиси”даги “ясли” сўзининг илдизи ўша “ясли”, яъни ўй ҳайвонлари овқатланадиган жойдир.
Худонинг ўғли бўлган Исонинг туғилиши ва у келажакда ким бўлиши Тангри юборган фаришта тарафидан биринчи бўлиб атрофдаги чўпонларга билдирилди ва улар келиб ғор олдида сажда қилдилар. Худонинг ўғли туғилгани ҳақида бошқача сигналлар ҳам юборилган.
Аммо, Император Октавиан Августнинг маҳаллий вассали Иродга Тангрининг ҳали тан олинмаган ўғли туғилгани ҳақидаги хабарлар етиб келганда, Биби Мариам эри ва чақалоғи билан ғордан кетиб бўлганди. Шу сабабли Ирод Вифлеем ва атрофларида 2 ёшгача бўлган ҳамма болаларни ўлдиришга буюрди ва унинг аскарлари ўйма-уй юриб ҳамма болаларни ўлдирдилар. Аммо, Биби Мариям эри ва чақалоғи билан Мисрга қочиб кетиб, Исони ўлимдан сақлаб қолдилар.
Хавф кейин ҳам битмади. Йиллар ўтиб, тўғрироғи, ривоятларга кўра 33 йил ўтгач, Исо янги динни тарғибот қилаётганидан хавотирликка тушган ва унинг пайғамбарлигини тан олмаган яҳудий илоҳиятчилар уни Ироднинг ўрнига келган Понтий Пилатнинг қўли билан чормихлаб ўлдирдилар. Аммо, тангри уни тирилтирилиб, ўз олдига олиб кетди. Ўлим йили тўғрисида ҳам ривоятлар кўп.
Жойи келгани учун эслатиш керакки, Қуддуснинг жанубида, 5 км узоқликдаги Вифлеем шаҳарчаси ҳозир Филистин давлатига қарашли, у ерда 25 минг киши яшайди, уларнинг 15-20 фоизи насронийлар. Маҳаллий қонунларга кўра, шаҳар ҳокими насроний бўлади.
Кўриб турибмизки, Исо Пайғамбарнинг туғилган куни билан боғлиқ хавфлар бугун туғилмади, Исо туғилган кунлариёқ туғилган.
Ҳа, Исо ўша пайтда биринчи хавфдан қутилса ҳам, иккинчисига тутилганди. Аммо, орадан 20 асрча вақт ўтиб, ҳамма насронийлар, Reuters Агентлиги айтаётганидек, яна хавфлар остида Исо Пайғамбарнинг туғилиш кунини нишонлашга тайёрланмоқдалар.
Бу агентликнинг хабарида Индонезия, Малайзия, Миср, Германия каби давлатлар мисолида шу давлатларнинг хавфсизлик органлари Исо Пайғамбарнинг туғилиш куни арафасида черковларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун нималар қилишаётгани ҳақида ёзилган, Аммо, Исо Пайғамбарнинг туғилиш куни билан боғлиқ бўлган бугунги хавфларнинг илдизлари нимада эканлиги, бу хавфлардан қутилиш учун черковларни ҳимоя қилишдан ташқари нималар қилиш кераклиги тилга олинмаган.
Нима ҳам қилардик, бу хусусдаги “Ҳаракат”нинг йиллардан бери айтиб келинаётган фикрларини қайтарамиз: “Ислом терроризмининг илдизларини йўқ қилишнинг ягона йўли - Ислом динини Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиқувчи хато тушунчалардан тозалаш, бунинг учун, Исломда фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, авваламбор, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Ислоҳотлар доирасида бошқа нарсалар ҳам қилинади, аммо улар алоҳида мавзудир. Ислоҳотларсиз Ислом дини ўлим йўлидан чиқолмайди.”
Расмда – Тирилтирилган (Уйғонтирилган) Исо Пайғамбар осмонга олиб чиқиб кетилмоқда. Ривоятларга кўра, у ахир бир кун Ерга қайтади, ёмонларни йўқ қилади, яхшиларга шу дунёда умрбод жаннатсимон ҳаёт беради, нариги дунёдаги жаннатда яшаётганлар ҳам тирилтириб, бу дунёнинг жаннатига олиб келинади.