20 December 2017
00:32 - Юсуф Жума: Михаил Сааквашвилига

Яхшиямки туғилмабсан Ўзбекистонда,
Аллақачон сени сотиб ерди ўзбеклар.
Гарчи сендек эр керакдир ўлган Туронга
Аллақачон сени сотиб ерди ўзбеклар.

Қодирийни сотганларнинг баччаларидир,
Чўлпонларни отганларнинг баччаларидир.
Ёв сарқитин тотганларнинг баччаларидир
Аллақачон сени сотиб ерди ўзбеклар.

Ўрисларга ахлат идиш бўлган калласи,
Калласининг ўрнидадир араб салласи.
Кеча кундуз тилларида този ялласи
Аллақачон сени сотиб ерди ўзбеклар.

Қарғаларни бошқаради тоабад қарға,
Қачон бўлган тўнғизларга лочинлар дарға.
Эрк деб чиқдим эл эргашмай бўлдим бадарға
Аллақачон сени сотиб ерди ўзбеклар.

Ҳар бир юртга керакдирсан, тушсанг майдонга
Москов лаби айланади учуқистонга.
Лекин зинҳор бора кўрма Ўзбекистонга
Аллақачон сени сотиб ерди ўзбеклар.

17 декабр. 2017 йил