Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини билмайдиган одам йўқ бўлса керак. Шундай бўлса ҳам унинг сиёсий ҳаётига оид воқеаларни эслатишдан фойда бўлади.
У 1967 йили Тбилисида туғилди, ўз ватанида мактабни, кейин Киев Университетнинг Халқаро ҳуқуқ факультетини битирди. Аввал Гуржистонда ишлади, сўнгра Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари халқаро институтига ўтди. Сўнгра АҚШдаги икки Университетда малака ошориш курсларини битирди, Флоренция (Италия) ва Гаага (Голландия) шаҳарларида Европа ва халқаро ҳуқуқ академияларда малака оширди.
У 1995 йилдан бошлаб Гуржистонда турли юқори лавозимларда ишлади, икки марта республика парламентига депутат бўлиб сайланди, Адлия вазири ҳам бўлди.
2003 йили 23 ноябрда Саакашвили ва яна бир қатор мухолифатчилар лидерлигидаги колалиция “Атиргуллар Инқилоби” деб аталган давлат тўнтариши қилдилар, Президент Эдуард Шеварнадзе истеъфога кетишга мажбур бўлди. 2004 йил 4 январдаги президент сайловларида 96,27 % овоз билан Михаил Саакашвили ғалаба қозонди.
У бутун дунё тарафидан тан олинган демократик ислоҳотлар ўтказди, коррупция ва пораҳўрликга барҳам бериш йўлида катта маваффақиятларга эришди. Гуржистондан сал кам ажралиб бўлган Аджарияни қайтариб олди, аммо Россия тарафидан тўла қўллаб-қувватланган Абхазия ва Жанубий Осетияда Тбилиси ҳокимиятини тиклай олмади. Шу билан Ғарбнинг дўсти, Россиянинг бош душманига айланди.
Аммо, тарихдан маълумки, сўз эркинлиги, ошкоралик бор жойда, қўполроқ қилиб айтсак, ҳар қандай лидер кўпчиликнинг жонига тегишга бошлайди. Гуржистонда ҳам шундай бўлди. Бунинг устига, Гуржистонда туғилган, ўтган асрнинг 80-чи йиллари охирида Россияга кетиб, ўша ерда бизнес билан шуғулланган ва доллар миллиардери даражасига чиққан Бидзина Иванишвили аввалига Саакашвили билан дўстона алоқаларда бўлса ҳам, кейин уришиб қолди.
Шундан кейин, бойлиги Гуржистоннинг давлат бютжетидан бир неча марта катта бўлган Иванишвили катта пул ишлатиб, Гуржистонда “Гуржилар Орзуси” номли сиёсий колалиция тузди, бу коалиция 2012 йил 1 октябрда Гуржистонда ўтказилган парламент сайловларида Саакашвилининг “Бирлашган Миллий Ҳаракат” Партияси устидан ғалаба қозонди. Янги тузилган ҳукумат Саакашвилини қамашга ҳам тайёрланаётгани сезилиб турарди. Бундай шароитда, у 2013 йилнинг охирида, президентлик муддати битишига бир неча кун қолганда, АҚШ кетиб қолишга мажбур бўлди.
Бидзина Иванишвилининг қўғирчоғи бўлган янги ҳукумат ва парламентдаги кўпчилик россияпарастлик сиёсати олиб боришга бошласалар, халқ биринчи сайловлардаёқ Саакашвилининг партиясини ҳокимиятга қайтаришинии “Ҳаракат” Агентлиги ўша пайтда башорат қилган эди. Аммо, бу каби башоратни Иванишвилининг ўзи ҳам қилди шекилли, жуда эҳтиётлик билан сиёсат олиб бориш йўлига ўтди. Россия билан алоқаларни бирозгина тузатса ҳам, асосан Саакашвилининг анъанасини давом эттириб Ғарбга суянабошлади. Европа Иттифоқига ва НАТОга аъзо бўлиш ҳақида гапириш билан чекланмасдан, амалий музокаралар ҳам бошлатди. Шулар туфайли, ҳозир Бидзина Иванишвилининг ҳукумати мустаҳкам ўтирганга ўхшайди.
Саакашвили эса, кейинроқ Украинага келиб, бу ерда россияпараст президент Виктор Янукович ҳокимиятини ағдаришда иштирок этди. 2014 йилнинг ўрталарида Украина Президенти этиб сайланган Петр Порошенко Михаил Саакашвилини 2015 йил бошларида ўзининг маслаҳатчиси қилиб олди, унга Украина ватандошлиги берди, ўша йили 30 майда эса, уни Одесса Вилояти Давлат Маъмурияти раиси (губерантори ҳам дейишади) этиб тайинлади.
Саакашвили Одессада асосан корупцияни битириш билан шуғулланмоқчи бўлди, аммо бутун Украина коррупция ботқоғида ботиб ётгар экан, бу ишни биттагина вилоятда қилиб бўмаслигини тушунмади, шекилли, 1,5 йил қаттиқ ҳаракатлар қилиб, ҳеч нарсага эришолмади. Унинг очиқча айтилаётган фикрига кўра, Украинанинг Президенти, Бош вазири, ҳамма вазирлар, прокуратура системаси тўла коррупция ичидалар.
Ниҳоят, Михаил Саакашвили Одессада ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини тушуниб етди ва 2016 йил 7 ноябрда истеъфога кетди ва Порошенко ҳокимиятига қарши мухолифатчилик ҳаракати бошлади. У очиқчасига Порошенко ва бутун ҳукуматни, Бош прокурорни, маҳаллий ҳокмиятдагиларни, катта бизнесменларни коррупцияда айблашга бошлаб, ҳаммани ўз душманига айлантирди.
Ҳокимият ростдан ҳам коррупция ботқоғида бўлгани сабабли, Михаил Саакашвилини ва у тузган “Янги Кучлар Ҳаракати” Партиясини қўллаб-қувватловчилар ҳам етарлича бор эди.
2017 йилнинг ўрталарида Саакашвили қисқа вақтга АҚШга кетди, айнан ўша пайтда Президент Петр Порошенко қандайдир ножиддий сабаблар билан унинг ватандошлигини бекор қилди. Демак, у Украинага қайтолмасди. Аммо, 10 сентябрда у ҳеч кимнинг ақлига келмайдиган ишни қилиб, Польша-Украина чегарасида ўзини чегарада кутиб турган юзлаб украиналик тарафдорларининг ёрдамида куч билан чегара пунктида ўтди. Бу зўравонлик иши бўйича очилган жиноий ишдан жарима тўлаб қутилди.
Кейин у Киев марказида асосан антикорупцион шиорлар остида ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилиб митинглар ўтказа бошлади. Унинг тарафдорлари Олий Рада яқинидаги майдонда “чодирлар шаҳарчаси” қурдилар. Саакашвили ҳам улар билан бирга бўлди. Ўша кунларда полиция бир марта уни ушлаб ҳам олди. Аммо, тарафдорлар уни куч билан озод қилдилар.
Айнан шу кунларда Украина Бош Прокуратураси Михаил Саакашвилига қарши қандайдир “жиноий ташкилотлар билан алоқа қилиш, улардан моддий ёрдам олиш” айби билан жиноий иш очилганини билдирди. Саакашвили бу сохта ишнинг орқасида сиёсий мотивлар ётганини айтди.
У 8 декабрь куни яширинча чодирлар шаҳарчасидан чиқиб, Киевда яшайдиган эски таниши, аввал Луганск вилоятининг Украина қўлида бўлган қисмида полиция раҳбари бўлиб ишлаган полковник Юрий Покиньбороданинг квартирасига кетибди. Аммо, айғоқчилар бундан хабар топишган шекилли, ўша куни кечқурун уни ўша ерда қўлга олишди ва шаҳар полицияси изоляторига олиб келишди. Суд уни уй ҳибсига олиш ҳақида ҳукм чиқариши кутилмоқда.
Михаил Саакашвили ўз ватанида қаҳрамонларча ишлар қилди, ҳозир Украинада ҳам шундай қилмоқда. Аммо, умумий вазиятдан келиб чиқиб, унинг ҳаракатларига бироз танқидий қарашга тўғри келади. Биринчидан, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва “Ҳаракат” Агентлиги узоқ йиллардан бери гапириб келаётганидек, порахўрлик ва коррупцияни демократияни ривожлантириш йўли билангина минималлаштириш мумкин. Ғарб ҳам биздан олдин айнан шундай фикрга келган ва шу фикр билан яшамоқда.
Иккинчидан, ҳозир Украина Россия билан феълан уруш ичида. Тўғри, ҳукумат ичида гуллаётган коррупция ҳам уруш ичидаги Украаинанинг орқасига пичоқ урушдир. Демак, тан олиш керакки, Украина икки фронтда уруш олиб бормоқда.
Масаланинг шу икки тарафини ҳисобга олиб, жуда эҳтиёткорлик билан иш олиб бориш керак. Буни яхши тушунган Ғарб лидерлари, жумладан, АҚШ Президенти Доналд Трамп (расмга қаранг) Михаил Саакашвилини шахсан танисалар ҳам, ҳозир уни ҳимоя қилишда эҳтиёткорлик қилмоқдалар. Буларни ҳаммасини жуда яхши билган Украина Президенти Петр Порошенко, умид қилиш керакки, Михаил Саакашвилига қарши кескин қадамлар қилмайди.
Аммо, Михаил Саакашвили ҳам кўпроқ айнан шунга ишониб, кескин ҳаракатлар қилмаяптимикан?
Бу каби воқеалар ҳаммага дарс бўлиши керак. Биз учун муҳим бўлгани - Ўзбекистондаги демократик мухолифатчиларга.
“Бирлик” мавжуд ҳокимиятдан кучлироқ бўлган 1989 йили, ҳукуматдан кучли бўлмаса ҳам, ўта тезлик билан кучга кириб бораётган 2002-2005 йиллари - бирлашишдан кўра кўпроқ тарқалишни ўйлайдиган ўзбеклар кўплигини кўрдик, “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” дейдиган мақолимиз ўзбеклар учун бир тийинлигини кўрдик. Демак, бизнинг олдимизда, бир эмас, икки эмас, ундан кўпроқ муаммолар бор. Улардан бири - ўзбекнинг менталитетини ҳам ўзгартиришдир.