Аввалги хабаримиздан маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё Конституция қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан 10 минг маҳкумни авф қилишни режалаштирган экан. Аммо, маҳкумларнинг катта қисми ўзларига юкланаётган жиноятдан пушайман эмаслиги, улар етказилган зарарни тўлиқ қопламагани, жамиятимизда афв этилаётган маҳкумларни кафилликка олиш муҳити ва масъулияти гўёки тўла қарор топмагани каби сабаблар билан 2 минг 700 нафар шахс авф этилибди.
Минг афсуски, Шавкат Мирзиё бу аҳволдан чиқиш, адолат устиворлигини ўрнтатиш учун, умумий шаклда бўлса ҳам, тўғри йўл кўрсатмаган. Бу иш ҳам Ўзбекистондаги ягона демократик мухолифат – “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигининг елкасига қолибди.
Авваламбор айтиш керакки, Ўзбекистон инсон эркинликлари бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида охиридан 2-чи ўринда туради, яъни дунёнинг энг даҳшатли иккинчи диктаторлигимиз. Диктаторликларда адолат бўлармиди? Бу хабарнинг мавзусидан келиб чиқсак, яна бир савол туғилади: Диктаторликларда мустақил суд бўлармиди?
Диктаторликлар, қолаверса, диктаторлик даражаси бўйича жаҳон лидерларидан бири бўлган Ўзбекистон каби давлат “адолат” деган тушунчасиз, порахўрлик ва коррупция ботқоғида яшайди-ку.
Диктаторликларда судлар юқори истаган ҳукмни чиқарадилар, юқорининг иши бўлмаган ҳолларда, пули борлар айбсизни айбдор, айбдорни айбсиз деб ҳукм чиқартириш мақсадида ҳар қандай судьяни сотиб ололадилар. Шу сабабли маҳкумларнинг каттагина қисми бундай ҳукмларни тан олмайди ва гўёки қилган жинояти учун пушаймон бўлишни истамайди.
Шавкат Мирзиёнинг бечоралиги, шундай оддий ҳақиқатни билмасдан 10 минг кишини озод қилмоқчи бўлганида, маҳкумларнинг бечоралиги эса, шундай диктаторликда яшаётганларида.
Биздаги диктаторликни яратишда Шавкат Мирзиё ҳам иштирок этган. У агарда шу жиноятидан пушаймон бўлаётган бўлса, авф этиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланиши керак, аммо ҳозир асосий бурчи - Ўзбекистонда демократия ўрнатиш, биринчи навбатда, демократик мухолифатнинг сиёсий саҳнага чиқишига йўл очиш, ўзи ва ҳукуматидан мустақил бўлган парламент ҳамда мустақил суд системаси яратиш бўлиши керак.