Маълумки, навбатдаги Қишки Олимпиада Ўйинлари 2018 йилнинг 9-25 февраль кунлари Корея Республикасининг Пёнчан шаҳрида ўтказилади. Кеча Халқаро Олимпиада Қўмитаси Россия Олимпиада Қўмитасини (яъни, феълан Россияни) бу ўйинларда иштирок этттирмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалги қишки олимпиада ўйинлари 2014 йилда Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган ва у ўйинларда Россия биринчи ўринни олган эди. Бундан ҳам муҳими, Россия Президенти Владимир Путин бу ўйинларни Сочида ўтказилишига рухсат олиш ишларига шахсан ўзи раҳбарлик қилишдан бошлаб, ҳамма ерда ўзини бу ўйинларнинг бош отахони қилиб кўрсатишга интилди ва Россиянинг ғалабасини ўз ватандошларига ўз ғалабасидек кўрсатиш учун бутун оммавий ахборот воситаларини ишга солди. Ва бунга эришди
Аммо, ўша йилнинг охириданоқ жаҳоннинг оммавий ахборот воситаларида Россия ўйинчилари Сочида допинг ишлатганлари ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. 3-4 йил давом этган текширишлар ва уларнинг атрофидаги жанжаллар давомида Россия Сочида олинган 10 дан ортиқ медалдан маҳрум этилди ва кеча Халқаро Олимпиада Қўмитаси Россияни Пёнчанда бўладиган XXIII Қишки Олимпиада Ўйинларида иштирок этттирмаслик ҳақида қарор қилди.
Ҳеч шубҳа йўқки, айнан Путиннинг кўрсатмаси билан Сочидаги ўйинларда рус спортчилари допинг ишлатишган ва шундай бўлгани исботланди ҳам. Айни замонда, яна шубҳа йўқки, бу жанжалларнинг орқасида сиёсий фактор ҳам бор. Бунинг бош сабабчиси - Россия Президенти Владимир Путин. Унинг халқаро саҳнада ҳам агрессив сиёсат олиб бориши, жумладан, Сурияда ва Украинада бўлаётган воқеалар дунё жамоатчилигининг Россия ва Путинга бўлган муносабатини ўта салбийлаштириди. Бу кайфият Халқаро Олимпиада Қўмитасининг кечаги қарори олинишида ҳам ўз ролини ўйнаган.
Унутмайликки, СССР 1979 йилнинг охирида Афғонистонга ўз қўшинларини олиб киргандан кейин ҳам шу каби кайфият шаклланган ва Ғарб давлатларининг ташаббуси билан 1980 йилда Москвада ўтган Ёзги Олимпиада Ўйинларини 65 мамлакат бойкот қилган эди. Айнан шу бойкот ва Ғарбнинг бошқа санкциялари СССРдек давлатнинг чўкишида ўз ролини ўйнаган.
Россиянинг Пёнчандаги ўйинлардан четлаштириши эмас, айтиш мумкинки, улоқтирилиши – Россиянинг келажагига салбий таъсир қилиши муқаррар. Аммо, бу таъсирнинг кучини ҳозир баҳолаш қийин, балки, мумкинмас.