06 December 2017
09:42 - Россия бир қатор чет эллик оммавий ахборот воситаларини душман деб атади

РИА Новости хабарига кўра, Россия Адлия вазирлиги 9 та оммавий ахборот воситаси, хусусан, “Америка овози”, “Озодлик” радиоси, "Настоящее время" телеканали, “Idel.Реалии", "Кавказ.Реалии", "Крым.Реалии", “Озодлик” радиосининг татар-бошқирд хизмати (Azatliq Radiosi), "Озод Европа/Озодлик" радиоси (PCE/PC), "Сибирь.Реалии" ва "Фактограф" лойиҳаларини хорижий агент, деб эълон қилди.

Россия парламентининг юқори палатаси - Федерация Кенгашидаги Информацион сиёсат комиссияси раҳбари Алексей Пушков бу рўйхат ҳали кенгайтирилиши мумкинлигини айтган. АҚШнинг машҳур CNN Агентлигини юқоридаги рўйхатдгаёқ киритиш устида гап боргани, аммо ҳолзирча бундай қилинмагани ҳам айтилмоқда.

Рўйхатдан жой олган ОАВнинг журналистларига Федерация Кенгаши ва Давлат Думасига кириш тақиқлангани ҳам дарҳол эълон қилинди. Аммо, хабарда айтилишича, бу ОАВларга қарши яна қандай санкциялар киритилиши номаълум. Давлат суверенитетини ҳимоя қилиш бўйича Федерация Кенгаши комиссияси раиси Андрей Климовнинг айтишича, хорижий агентлар рўйхати ҳозирча кенгайтирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти хорижий агент ОАВ ҳақидаги қонунни 25 ноябрь куни имзолаган эди. Бу ҳужжат Россиянинг RT (RussiaToday) America ва Sputnik - Reston Translator ҳамкор компаниясини хорижий агент сифатида рўйхатдан ўтишни талаб қилгани учун АҚШга мажбурий жавоб чораси деб баҳоланмоқда.