ЎзА бугун кечқурун тарқатган хабарда айтилишича, Президент Шавкат Мирзиё кеча, яъни 28 ноябрда ҳукумат таркибида қуйидаги янги тайинлашлар қилибди:
- Акмалов Қаҳрамон Валиевич Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари
- Отажонов Нодир Собирович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари
- Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари
- Қўчқоров Жамшид Анварович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари
- Холмурадов Сухроб Рустамович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари
- Хўжаев Жамшид Абдуҳакимович Ташқи савдо вазири
- Хўжаев Ботир Асадиллаевич Иқтисодиёт вазири
Gazeta.uz cайти бугун пешин соатларида тарқатган хабарида айтилишича, Шавкат Мирзиё 28 ноябрь куни, яъни кеча бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича мажлисда шундай дебди: “Одамлар яхши ва муносиб ҳаётни на эртага ва на узоқ келажакда эмас, бугун келишини хоҳламоқда, Биз ҳали белгиланган ва халқ кутаётган натижаларга эришганимиз йўқ."
Қаранг, жуда муҳим ва жуда тўғри гаплар. Аммо, 21 асрда Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари шундай муҳим хабар ва гапларни ўша заҳоти эмас, эртаси куни пешиндан кейин ёки кечқурун эълон қиладиган даражасида қолоқ экан, Ўзбекистоннинг ҳаётида бирон нарсалар ўзгариши шубҳалидир.
Бу мавзунинг бошқа тарафи ҳам бор. Шавкат Мирзиё “халақ кутаётган натижалар” ҳақида гапирибди. Хўш, халқ нимани кутмоқда ўзи.
Халқ бирон нарсани кутиши учун, ўзининг ҳозирги аҳволини билиши керакку. Аммо, халқнинг ва давлатнинг аҳволи қандай эканлиги, Шавкат Мирзиё халқ ва давлатни қандай даражага олиб чиқмоқчи эканлиги ҳақида ҳеч нарса гапирилмаяпти, ҳеч қандай рақамлар келтирилмаяпти-ку.
Халқ ва давлатнинг аҳволи ачинарли эканлигини, бу аҳволдан чиқиш учун фундаментал ўзгаришлар лозимлигини фақат “Ҳаракат” гапирмоқда. Шавкат Мирзиё буларни айтмаяптими, косметик ўзгаришлар ва кадр алмаштириш билан катта муваффақиятларга эришиб бўлмаслигини тушунмаяптими, демак, ҳеч нарса ўзгармайди.
Расмга қаранг, ҳукумат аъзолари ўзларини бир нарсалар ёзаётган роботлардек қилиб кўрсатиш билан оворалар. Бундай мажлисларда биронта жиддий муҳокама бўлишига аҳмоқ ҳам ишонмайди.