27 November 2017
19:19 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Аҳмад Яссавий ҳамда Юсуф Жумалар бир мавзуда қайғургани ҳақида
Туркистоннинг еринда холи эрмас эранлар,
Ҳар бир қулоч еринда ётур мардон эранлар...
Риоя қил халқини, яхши тингла додини,
Ризо қил турк элини, мадад сенга берурлар...

Минг йилча аввал Аҳмад Яссавийнинг бу пандлари Юсуф Жуманинг “Тўмарис” асарида насрий ифодасини топган кўринади. Бу асарни ўқишда давом этар экансиз унда туркилар ҳаёти нуқул жанг-жадалларда иборат бўлган экан деган хаёлга борасиз ва табиий бунга жавоб излайсиз: Нега шундай? Жавоб буюк Туркистон пирининг биз келтираётган ҳикматидан топилиши ва Аҳмад Яссавий ҳамда Юсуф Жумалар бир мавзуда қайғургани, ташвиши сабаби бир хил ҳолат эканлиги одамни ҳайратга туширади:

Ҳар ким одоб сақлайман, Туркистонга кўл урса,
Қачон қўяр бир соат фил ҳол ани урарлар.
Золим агар беадад зулм қилса элига.
Зулми зоҳир билинса, тутиб бўғзин бичарлар...

Туркни жангари қилиб, уни зулм, адолатсизликка шафқатсиз қилган нарса: ташқи душманлар, турк ерига, элига кўз олайтирганлар ҳамда ташқи ва ички золимликдир, деган хулосага келасиз. Юсуф Жуманинг турклари бир қараганда Яссавий туркларининг аждодлари бўлса-да, ула ҳаёти яшашдан мақсадлари муштарак бўлса-да, Юсуф Жума турклари ҳозирги турклар муаммолари: адолат, озодлик, тенглик, кенглик, яхшилик, биргалик, тарихий ва замонавий миллий бирлик ғоялари билан, мана шу ғояларнинг насрда ҳам назм каби жаранглаб туриши билан ажралиб туради.

Асар турк ва туркликка, унинг тарихий ва замонавий яхлитлигига қарши бўлган ҳар қандай ҳукумат, ҳар қандай тўда, ҳар қандай ғояга қарши туркча уруш эълон қилинган. Қадимги турки динимиз ва ислом динимизга таяниб ота- оболаримиз руҳига шафоат тилаш билан бирга, улардан мадад тилаш руҳи ҳам сингиб кетган. Бу туркилар, айниқса ўзбеклар учун жуда зарур бўлган ғоядир. Зотан, барча туркилар орасида нафақат туркилар, балки бутун жаҳон халқлари орасида ўз ота - боболарини инкор қилиш, уларни қоралаш (Худо ўзи кечирсин,салкам оқпадарлик) кейинги 150 йил тарихимизни белгиловчи чизғиларидан бири бўлиб келди. Ҳануз мен ўз бобомни юрт - элини, динини озод, эркин мустақил бўлиши учун жонини фидо қилган бобомни, у бирор миллий - диний сотқинларни ҳам босқинчилар қатори душман деб ўлдиргани боис ҳам уни “босмачи” дейишим лозим ёки умуман тарихим саҳифасидан ўрин бермаслигим керак. Мана шундай адолатсизлик, отабузарликка қарши қалам ўқтакан ёзар “Тўмарис” ёзари Юсуф Жума, деб биламан.

“Тўмарис”да Билка қоон, Кул тегин тошбитиклари жонланади, ўша тошбитиклар каби ҳозирги туркларни ота- боболари руҳига содиқлик ва уларга лойиқлик, маърифатга чақириқ жаранглайди. Бу билан Юсуф Жума ҳозирги турклар муаммолари калитини намойиш қилади.

Тарихий асарларимиздаги етишмовчилик - Тўмарисдан ватанпарвар, тинчликсевар, элсевар инсон, эл - юрт подшоси фидойиси осмондан тан этиб тушиши эди. Юсуф Жума уни ердан ундирибди, элдан ўстирибди, турмуш тарзидан турклик феълидан туғдирибди! Тўмарис афсона ҳам, ривоят ҳам эмас, ҳақиқий турк қизига айланибди! Туркнинг аёл ҳукмдори - Элтузар, юртсевар, биликизлар Туркликнинг беш маънавий устунлари, адолат, озодлик, номус - ор, иймон, илму ҳикмат асар бўйлаб ўқйўриқ бўлиб ўтар экан, бу ёзувчи турклар алоҳида танланган миллат, деган ғояни илгари сурган деган айбловдан қалқон сифатида сақлаш вазифасини ҳам ўтайди. Истаган миллат ана шу устунлар асосида инсоний жамият қурса ва унга амал қилса, у қайси миллат бўлишидан қатъий назар улуғликка эришади, деган фикр олға сурилади.

Бахтиёр Ўрдабекли,
профессор