28 October 2017
21:39 - Яхши ният ярим мол, ёки ҳолва деган билан оғиз чучимайди: Ўзбекистонда Туркия бизнес маркази очилади, икки мамлакат ўртасида визалар бўлмайди
Маълумки, Шавкат Мирзиё Туркия сафарининг иккинчи куни Истанбулда бўлиши айтилганди. У 26 октябрь куни Истанбулда бўлди, айнан шу ерда Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Исмоил Қаҳрамон ва Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим билан алоҳида учрашувлар ўтказди, кейин туркиялик ишбилармонлар билан Ўзбек-Турк бизнес-фоуми деб номланган учрашувда қатнашди.

Бу ҳақда Ўзбекистонда тарқатилаётган хабарларга кўра, Туркия ишбилармонлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолашибди. Аммо, истасак-истамасак савол туғилади: Ўзбекистонда қандайдир иқтисодий ислоҳотлар бўлмоқдами? Ислом Карим демократик ислоҳотлар ҳақида гапирарди, аммо ҳеч нарса бўлмасди. Демократияни кўйиб турайлик, Шавкат Мирзиёнинг иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги гаплари ҳам қуруқ гап бўлиб қолмайдими? Ҳозирча бу саволларга жавоб йўқ.

Шавкат Мирзиё бу учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 2016 йилдаги 1,2 доллардан 3−4 млрд долларга етказиш бўйича келишувга эришилгани, Тошкентда Туркия бизнес маркази очилиши режалаштирилаётганини айтибди. Агар, қуруқ гап бўлиб қолмаса, маҳсулот айирбошлаш ҳажмининг юксалиши ва Туркия бизнес марказининг очилиши ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида катта қадамлар бўларди.

Шавкат Мирзиёнинг Анқарада Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон билан учрашув пайтида “Ўзбекистон ва Туркия ўртасида виза бўлмаслиги керак” дегани ҳам эндигина тилга олинди. Бу ҳам яхши фикр. Аммо, давлатлараро визаларни йўқ қилиш масаласини тилга олаётган Ўзбекистон Президенти авваламбор Ўзбекистон фуқаролари учун мамлакатдан чиқиш визасини бекор қилиши керак эмасми? Қизиқ, “мамлактадан чиқиш визаси” деган нарса жаҳоннинг Шимолий Корея ва Ўзбекистон каби мудҳиш диктаторликларидагина борлигини Шавкат Мирзиё билармикан?

Биз бу хабарни сарлавҳасидаёқ “Яхши хабар” деб баҳоламоқчи эдик, чунки, Ўзбекистон-Туркия муносабатлари Турк Дунёси нуқати назаридан муҳимдир, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги эса, айнан ҳақиқий Турк Дунёсини шакллантириш тарафдорларидир.

Аммо, хабарни тайёрлаш пайтида ўрта чиққан саволлар одамни ўйлантириб қўяди, “Ўзбекистонда ростакам ўзгаришлар бўладими?” деган янги савол ҳам ўртага чиқади ва бошимизга уради. Оптимистлигимизни кўрсатиш учун ўзбекларнинг “Яхши ният – ярим мол” мақолини эслатиш билан тўхташимиз мумкин, аммо бечора халқимизнинг “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди” деган мақоли ҳам бор-ку.

Нима қиламиз, кутамизми? Йўқ, мусулмонлар 14 асрдан бери ҳамма нарсани Оллоҳдан кутиб яшаганлари ва ҳеч нарсага эриолмаганлари бизга дарс бўлиши керак. Ҳаракат қиламиз, чунки, ҳаракатда – баракатдир!