15 April 2017
07:20 - Миллат хоини. ҳофиз Шерали Жўра 70 ёшга тўлибди. У қандай хоинлик қилганини биласизми?
13 апрелда Шерали Жўра 70 йиллик юбилейини Тошкентдаги "Версал" ресторанида нишонлагани, бу гўёки тантанада Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Кошғардан келган меҳмонлар иштирок этишгани ҳақида узун-қулоқ гаплар тарқатилмоқда. СССРнинг охирги йиллари айниқса ёшлар ичида машҳур бўлиб кетган бу ҳофиз ўша йиллариёқ ўзбек миллатга хоинлик қилгани ҳақидаги ҳақиқиатни ҳали ўзбекларнинг кўпчилиги билмайди. Унинг туғилган кунини нишонлаш учун келганлар ҳам ўшалардандан эканлигига ҳеч шубҳа йўқ.

“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг бу ҳаромий хонанда ҳақида ёзган “Дўст бўлсанг ёнимда тур” мақоласида унинг ҳаромийлиги тўла исботлаб берилган. Бу мақола билан “Ҳаракат” журналининг 2000 йил № 3 (24) сонида танишингиз мумкин:

http://harakat.net/harakat/?id=277

Мана Абдураҳим Пўлатнингўша мақоласидан баъзи сатрлар.

* * * * *

1998 йилнинг бошларида оилам билан АҚШга келиб, бу ерда яшай бошадим, автомобиь ҳайдаётганда зерикмаслик учун Шерали Жўраевнинг бир сабаб биланТуркияда яшаётган пайтимида қўлимга тушиб қолган кассетасини эшитиб қолдим. Унинг кассетадаги «Дўст бўлсанг ёнимда тур» қўшиғи дарҳол диққатимни ўзига тортти. Қўшиқ дўстларнинг содиқлиги, вафодорлиги ҳақида, кишининг «ошиғи олчи» бўлган пайтда атрофи тўла дўст бўлиши, бошига бало келганда «дўстлар»нинг кўпчилиги ўзини олиб қочиши ҳақида бўлиб, ундаги «Ҳақиқий дўст бўлсанг доимо ёнимда тур, ёнимдамас қалбимда тур, қалбимдамас қонимда тур, қонимдамас, чунки қон ҳам айланиб турадиган нарса, иймонимда тур» маънодаги сўзлар ҳарқандай тингловчини ларзага соларди. Зеро, маълум маънода дўстидан «куймаган» одам ҳам бўлмаса керак.

Бу қўшиқни эшитган сарим Шералининг фиғони-ю фарёдидан ларзага келиш ўрнига ғашим келабошлади. Кошки, хонанда нима воқеа туфайли инграётганини билмасам эди. Шунда бу қўшиқ бир санъат намунаси сифатида эсимда қоларди. Афсуски, бу воқеани билардим. Воқеа эса шундай бўлган.

1988-89 йиллари ҳамма Совет жумҳуриятларида каби Ўзбекистонда ҳам миллий-демократик руҳдаги кучлар шаклланабошладилар. 1988 йилнинг ноябрида «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг Ташаббус Гуруҳи тузилди, 1989нинг май ойида унинг Таъсис Қурултойи бўлди. Аввал Ташаббус Гуруҳининг, сўнгра Ҳаракат Марказий Кенгашининг раислигига сайландим.

«Бирлик»нинг ўртага отган шиорларидан бири, айни замонда асосийси – «Ўзбек тили давлат тили бўлсин» шиори эди. Бу - миллатнинг шу пайтгача очиқ айтолмаган орзуси эди. Ҳозироқ ўша вақтдаги реалликни билмайдиган авлод етишиб келмоқда. Реаллик шундан иборат эдики, 1977 йили Болтиқбўйи ва Кавказдан ташқаридаги Совет жумҳуриятларининг Конституцияларидан давлат тили ҳақидаги модда олиб ташланганди. Бу модда борлигида ҳам рус тилининг босими остида яшаган миллий тиллар, 1997дан кейин ҳуқуқий асосларидан айрилдилар.

СССР Конституциясига кўра давлат тили рус тили бўлгани учун ўзбек тили расмий доиралардан четлатилди. Бундай шароитда, табиийки, рус тилини яхши билмаганлар давлат идораларида карьера қилолмасдилар. Буни тушунган «зукко» одамлар уйларида болаларининг тилини русчада чиқарабошладилар, болаларни русча боғча ва мактабларга бериш кескин ошди. Хуллас, тилимизни аста-секин ривожланадиган инқирозга маҳкум қилдилар.

«Бирлик» тузилган йиллари СССРда бутун ахборот воситалари давлатнинг қўлида, қонунчилик органлари қўғирчиқ ташкилотлар бўлишган. Миллатнинг талабини ўртага қўйишнинг бирдан бир йўли – оммавий митинглар ўтказиш эди. Бу аксима «Бирлик»нинг ихтироси эмас. Бу нарса дунёнинг тажрибасидан келиб чиққан булиб, бошқа жумҳуриятларда ҳам миллатлар шу йўлдан боришаётган эди.

«Бирлик» ҳам «Ўзбек тили –давлат тили» шиорлари остида митинглар ўтказишга бошлади. Бу талабнинг халқ тарафидан бунчалик дастакланишини кутмаган ҳокимият даҳшатга тушди. Аммо Москванинг маҳаллий малайлари миллатнинг талабига қулоқ солишни эмас, уни алдашни ўйлардилар. 1989 йилнинг баҳорида ҳамма матбуот органлари ҳукумат тарафидан тайёрланган ўзбек тилининг статуси (мақоми) ҳақидагаи қонуннинг лойиҳасини эълон қилдилар. Унга кўра гўё ўзбек тили давлат тили, деб тан олинсада, лекин амалда ҳамма нарса рус тилиники бўлиб қолаверарди. Қонун Олий Советнинг куздаги сессиясида қабул қилиниши ҳам маълум қилинди.

«Бирлик» ёз буйи тайёрланиб, сентябрь-октябрь ойларининг ҳар якшанба куни Тошкентнинг Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдонида оммавий митинлар ўтказишга қарор қилди. Митинглар ўтказишга бошладик. Бундай митинларнинг биттаси 1 октябрь куни бўлди. Тилимизни давлат тили қиламиз, деб майдонларни тўлатаётганларнинг салмоқли қисми студентлар эканлигининг фарқига етган ҳукумат 1 октябрь кундуз соат 12да (митинг бошланиш вақти) Тошкентдаги Ленин номли Халқлар Дўстлиги саройида студентлар учун Шерали Жўраевнинг текин концертини уюштирди. 70 йил халқлар устида истаган ишини қилган коммунистик хукуматнинг цинизми балки тушунарлидир, аммо Шерали ҳеч нарсанинг фарқига бормайдиган гўдакмиди?...

Барибир митингни тўхтатолмадилар. Ўн минглаб кишиларнинг «Озодлик! Хуррият! Ўзбек тили – давлат тили!» деб хайқиришидан Тошкент кўчалари ларзага келди. Бу далғалар билан тахти ҳам ағдарилишига ақли етиб қолган Каримов дарҳол тил ҳақидаги қонуннинг янги, анча яхши лойиҳасини эълон қилишга мажбур булди. Шерали эса унинг назарига тушиб, дастурхонига яқинлаштирилди...

Шералининг «ошиғи олчи» бўлгани - унинг президент Каримовнинг назарига тушгани, унинг дастурхонидан қолган-қутган нарсаларга шерик бўлиш шарафига муяссар бўлгани эди. Табиий, бу пайтда унинг «дўстларини» сони мислсиз равишда ортти. Кейин подшоҳлар, диктаторлар атрофида тез-тез бўлиб турадиган оддий ҳол юз берди, қандайдир сабаб билан Шерали назардан тушиб, дастурхон атрофидан қувилди ва «зукко дўстлар» бир зумда ғойиб бўлишди.

Шералининг йиғи тўла кўшиғини эшитаркан, дарғазаб бўлишимнинг сабаби шуларди.

Шу воқеаларни эслаб унга дегим келади:

«Эй, мунофиқ! Подшоҳнинг назарига тушганинг учунгина атрофингда гирдикапалак бўлган «дўстларнинг» вафосизлигидан шунчалар йиғлаяпсан, лекин ўзинг дўстларингга содиқмидинг, уларга вафодорлик қилганмисан? Дўстларинг сенинг шахсий ишинг. Уларни қўйиб турайлик, олдида бурчинг бўлган миллатингга содиқлик қилганмисан? Бошқа муқаддас жиҳатларини қўйиб тур, тирикчилигинг манбаи бўлган қўшиқларингни тили – ўзбек тилига содиқлик қилганмисан? Ўлаётган демайман, чунки уни ўлдироладиган куч йўқ, аммо топталган ва таҳқирланган тилимизнинг қаддини ростлаш учун майдонларга чиққан миллатимиз фарзандларига хоинлик қилишдан ўзингни тияолганмисан?...

Балки, у пайтда миллий шуурингни парда тортиб қолганини айтиб бугун ўзингни оқламокчидирсан. Ундай бўлса, ўша кунги «ишинг» учун пушаймонлигингни билдирдингми, миллатимиздан, тилимиздан узр сўрадингми?

Халқимизнинг «Сўнгги пушаймон, ўзингга душман» сўзларини рўкач қилиб, сени ўзингни ўзингга душманлик қилишга чақираётганимдан ўпкаланма. Зотан, мен сени ўйлаётганим йўқ. Минг афсуски, миллатимиз ичида, ичидаги шайтоннинг ноғарасига ўйнаб юборишдан ўзини тўхтатолмайдиганлар бор ҳали. Мен уларни ўйлаяпман. Сенинг пушаймонинг уларга дарс бўлар, уларни нопок ишлардан тўхтатар, деб умид қиляпман.